Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бокс баҳслари журналист юбилейига бағишланди
17:22 / 2026-01-16

Жиззах шаҳрида спорт ва журналистика уйғунлашган тадбир бўлиб ўтди. “Premier” спорт клуби залидан ўрин олган очиқ бокс турнири ёш спортчилар учун маҳорат мактаби бўлиши баробарида, ўз умрини қалам ва спорт тарғиботига бағишлаган инсонга юксак эҳтиром ифодасига айланди.

Мусобақа 2013–2016 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ёш “чарм қўлқоп” усталари, шунингдек, қўшни Тожикистон Республикасидан ташриф буюрган спортчилар иштирок этишди. 100 нафардан ортиқ иқтидорли ўсмирлар 12 та вазн тоифасида ғалаба учун баҳс олиб боришди.

Турнир “Жиззах ҳақиқати” — “Джизакская правда” газеталари бош муҳаррири ўринбосари, спорт шарҳловчиси сифатида кенг жамоатчиликка таниш бўлган Улуғбек Даминов соврини учун ўтказилди. Узоқ йиллар давомида вилоятнинг бош нашрида самарали фаолият юритган устоз журналист спорт тадбирларини, айниқса, бокс мусобақаларини юксак маҳорат ва самимият билан ёритиб келгани билан эътироф этилган. Унинг 70 ёшлик юбилейи мазкур турнирга алоҳида маънавий мазмун бағишлади.

Жиззах вилояти спорт бошқармаси, вилоят бокс федерацияси ҳамда Шароф Рашидов туман спорт мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақа боксни оммалаштириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш, иқтидорли ўсмирларни саралаб олиш ва келгусида терма жамоа захирасини шакллантиришга қаратилди. Рингда кечган ҳар бир жангда ирода, интизом ва ғалабага интилиш яққол намоён бўлди.

Қизғин ва муросасиз баҳслар якунида жиззахлик спортчилар тайёргарлик ва фаоллик борасида устунликни қўлга киритишиб, олтин медаллар соҳибига айланишди.  

Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА