English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўка ва Бекобод туманларидаги айрим ҳоким ёрдамчилари ишдан олинди
12:27 / 2023-01-28

Бўка ва Бекобод туманларида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раислигида 2022 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2023 йилги режаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳамда туманнинг сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, идора ва  ташкилот раҳбарлари, тегишли соҳа мутасаддилари иштирок этди. Ҳудудларда ислоҳотларнинг бориши, ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг амалга оширилишида учраб турган камчилик ва нуқсонларни тезкор бартараф этиш масалалари таҳлил қилинди.  

Қайд қилинганидек, Президентимизнинг 2020 йил 24 ноябрдаги қарорига асосан аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида Бўка туманида 2022 йилда ажратилиши белгиланган 716 гектардаги 3 минг 341 та лотлардан амалда 3 минг 183 лот, 678 гектар майдон деҳқон хўжаликлари учун ажратиб берилган. Бироқ 179 лотдаги 38 гектар майдон савдо майдончасига қўйилиб, ғолиблар бугунгача аниқланмаган. Сабаби бу ерлар сув таъминоти оғир, аҳоли пунктидан узоқ бўлган ва ҳолати ёмон ерлар бўлгани учун ҳам аҳоли қизиқиш билдирмаган. Ишда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун туман ҳокимининг ўринбосари - инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Шерали Ярбековга иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чорасини қўллаш, шунингдек, 4-сектор ҳудудида жойлашган "Бўка" маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Тоҳир Абдувоҳидов ва 2-сектор ҳудудида жойлашган "Қўчқорсўйган" маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Элёр Жуманқуловни вазифасидан озод этиш таклифи берилди.  

Бундан ташқари, "Қўлдоштепа" МФЙда фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Адҳам Маматқулов 3 ой синов муддати билан лавозимида "вазифа бажарувчи" мақомида қолдирилди. Шунингдек, Бекобод тумани ҳокимининг ўринбосари - инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Илҳом Мажитовнинг 2022 йилда амалга оширилган ишлари кескин танқид қилинди ва эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.  

Фуқаролар бандлигини таъминлашда маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчиларининг ишлари қониқарсизлиги туфайли “Хонобод” ва “Назарбой” маҳаллалари ҳоким ёрдамчилари лавозимдан озод этилди. Марказ раҳбари Равшан Абдуразоқов лавозимдан олиниб, “Назарбой” маҳалласига ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтказилди. “Ўзбекобод” маҳалласига бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Эътибор Ачилованинг маҳалладаги фаолияти юқори баҳоланиб, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари этиб тайинланди. Кўчмас мулк ва давлат кадастр хизмати раҳбари Умид Ҳакимов ерларни аукционга қўйишга етарлича ёндашмагани учун ишдан олинди.  

Мулоқот давомида кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.  

А. Мусаев, ЎзА.