Ватанимиз тарихидаги 18 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1906 йил (бундан 115 йил олдин) – Туркистон генерал-губернатори Деан Субботич Туркистон шаҳрида жойлашган Аҳмад Яссавий масжидини таъмирлаш учун зарур маблағ ажратишга ёрдам беришни сўраб, Император археология ҳайъатига мурожаат қилди. Бироқ уч ойдан сўнг унинг ўрнини Николай Гродеков эгаллади. Император Археология ҳайъатининг раиси граф А. Бобринский Туркистон генерал-губернатори вазифасини бажарувчиси Н. Гродековга 1906 йил 14 декабрда ёзган хатида собиқ Туркистон генерал-губернаторнинг илтимоси бўйича қуйидагиларни қайд этади:
“Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра бу иш учун 40–50 минг сўм талаб қилинади. Ўз бюджетида қадимги буюмларни таъмирлаш учун етарли маблағ бўлмаганлиги сабабли Император археология ҳайъати бадиий академия, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа бу масалага манфаатдор ташкилотлар билан бирга илмий асосда таъмирлаш масаласини муҳокама қилиши мумкин, лекин масжидни таъмирлашга моддий ёрдам кўрсата олмайди. Албатта, ҳайъат таъмирлаш учун зарур миқдордаги пулни сўраб ҳукуматга мурожаат қилиши мумкин, аммо ҳозирги вақтда бундай илтимоснинг муваффақиятли ҳал бўлишига ҳеч қандай умид йўқ”.
1943 йил (бундан 78 йил олдин) – Тошкент вилоятидаги Бўка, Самарқанд вилоятидаги Иштихон туманлари ташкил этилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бўка номи айрим топонимистларнинг фикрича, туркий халқларнинг бир уруғи бўка (бўке) номидан олинган деб тахмин қилинади. Бундан ташқари туркийчада “зўр”, “кучли”, “паҳлавон” маъноларини англатувчи бўка сўзи тарихда турли анъанавий байрам ва тантанали маросимлар чоғида ўтказиладиган паҳлавонлар мусобақасида қатнашувчи курашчи, полвон маъноларини ҳам англатади.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Сурхондарё вилоятидаги Бандихон тумани ташкил этилди. Туман ҳудудида бир қанча қадимги қўрғон қолдиқлари топилган. Булардан энг йириги милоддан аввалги иккинчи – биринчи асрларга оид Бандихон қўрғони ҳисобланади. У археологлар томонидан 1973 йилда аниқланган.
1993 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вена конвенцияси ва Монреал протоколида ўзининг иштироки бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини тасдиқлади ва мазкур ҳужжатларга қўшилишдан келиб чиқувчи мажбуриятларни ўз бўйнига олди.
Тарихчи Шерали Аллабергановнинг қайд этишича, Ўзбекистон Вена конвенцияси ва Монреал протоколи доирасида белгиланган мажбуриятларни бажарган бўлиб, 99,9 фоиз азон қатламини емирувчи моддалар муомаладан чиқарилган. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озонни муҳофаза қилиш котибияти томонидан алоҳида эътироф этилган.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли иқтисодиёт ва “Электрон ҳукумат” тизими инфратузилмаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади