Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўка тумани замонавий қиёфага киради
13:50 / 2026-02-04

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Бўка туманини “Тараққиёт ва етакчилик маскани”га айлантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Унда Бўка туман ҳокими С.Исоқулов ва масъул мутахассислар томонидан атрофлича маълумот берилди. Қайд этилганидек, туманни комплекс ривожлантириш, саноат зонасини ташкил этиш, урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, хизмат кўрсатиш ва туризм салоҳиятини оширишга қаратилган аниқ режалар тузилган. 

Тақдим этилган дастурга мувофиқ, туманда 11 та йирик лойиҳа амалга оширилади. Натижада 1 минг 11 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиши ва 2 минг 210 нафар аҳоли учун янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Бунинг учун Президентимизнинг тегишли қарорига асосан бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ ажратилади. 

Ривожланиш дастури доирасида туман марказини аҳоли яшаши ва дам олиши учун қулай, замонавий шаҳар муҳитига айлантириш, хизмат кўрсатиш ҳамда туризм соҳаларини ривожлантириш учун зарур инфратузилмани яратиш устувор вазифа этиб белгиланган. 

Шунингдек, ички йўллар, пиёдалар ва велойўлакларни барпо этиш орқали шаҳар ҳаракатини янада яхшилаш, аҳоли учун хавфсиз ва қулай муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уй-жой ҳамда ижтимоий соҳа объектларини “яшил тамойиллар” асосида қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш орқали экологик барқарорликни таъминлаш ҳам дастурнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. 

Мазкур йўналишлар доирасида туман марказида аҳоли дам олиши учун замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаларини барпо этиш, 9,2 гектар майдонда 29 та кўп қаватли уй-жой, кўнгилочар марказ ҳамда савдо-хизмат объектлари қуриш учун ҳудудни тўлиқ инфратузилма билан таъминлаш режалаштирилган. 

Ишбилармонлик учун қулай муҳит яратиш мақсадида саноат зоналарини барпо этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги биноси олдидаги бўш ер майдонида замонавий боғ ташкил этиш, Қорасув – Бўка – Бекобод автомобиль йўлининг туман марказидан ўтувчи 1,5 километр қисмини кенгайтириш ишлари ҳам назарда тутилган. 

Тақдимот якунида вилоят ҳокими ўз таклифларини билдирар экан, ушбу лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, ажратиладиган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. 

А.Мусаев, ЎзА.