Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боғлар бўш майдонлари қўшимча даромад манбаига айланмоқда
12:19 / 2025-11-20

Ўзбекистон фермерлар кенгаши жорий йилнинг 19–22 ноябрь кунлари “Ҳар бир кун — бу имконият, ҳар бир кун — бу келажак учун пойдевор” шиори остида боғ ва токзорлар қатор оралари самарадорлигини оширишга қаратилган минтақавий семинарларни бошлади.

Бугун Уйчи туманида ўтказилган навбатдаги семинарда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан ташриф буюрган мутахассислар, фермерлар ҳамда экспортёрлар иштирок этди. Тадбирда боғ қатор ораларидан фойдаланиш механизмлари, тўқсонбости экинларини жойлаштириш ҳамда агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Семинарда Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишда муҳим дастуруламал бўлаётгани таъкидланди. Қарорда қатор оралари, дала четлари ҳамда ирригация ва мелиорация объектлари ҳимоя қатламларидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Мутахассисларнинг қайд этишича, боғ ва токзорлар қатор оралари кўпинча мавсумий равишда бўш қолади. Тўқсонбости — 90 кун ичида пишиб етиладиган қисқа вегетацияли экинларни жойлаштириш бу майдонлардан оқилона фойдаланиш имконини беради.

Мош, нўхат, шолғом, эртапишар карам навлари, дуккакли ем-хашак экинлари ва кўплаб сабзавот турлари мазкур тоифага киради. Уларнинг асосий афзаллиги — қисқа вақт ичида ҳосил бериши, тупроқ структурасини яхшилаши ва боғнинг асосий ҳосилига зарар етказмасдан фермерга қўшимча даромад манбаи яратишидир.

Семинарда агрономлар томонидан тўқсонбости экинларини экишда қатор муҳим жиҳатлар алоҳида таъкидланди. Хусусан, қатор ораларнинг оптимал кенглиги ва тупроқ айланишига риоя қилиш, томчилатиб суғоришни жорий этиш, зараркунандаларга қарши экологик усулларни қўллаш, минерал ва органик ўғитларни меъёрда бериш. Ушбу тадбирларнинг тўғри бажарилиши боғнинг асосий ҳосилига зарар етказмасдан, қўшимча экинлардан юқори ҳосил олиш имконини беради.

Боғ ва токзорлардаги бўш жойлардан оқилона фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари миқдорини кўпайтириш мамлакатнинг экспорт салоҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Хусусан, дуккакли тўқсонбости экинларига халқаро бозорларда талаб юқори бўлиб, уларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш яхши иқтисодий самара бериши таъкидланди.

Семинарда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида экин турларини жойлаштириш масалалари, шунингдек фермерлар, томорқа ер эгалари ва экспортчи корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида амалий таклифлар билдирилди.

Ўтказилган семинар боғ ва токзорлар қатор оралари самарадорлигини ошириш, қисқа вегетацияли экинлар орқали қўшимча ҳосил яратиш ва фермерлар даромадини кўпайтириш борасида амалий ечимларни тақдим этди.  

Мазкур семинарлар орқали илгари сурилаётган амалий таклиф ва тажрибалар фермерлар ўртасида янги ёндашувларни шакллантириб, ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини янада оширишга хизмат қилади.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА