English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боғибаланд – юртимиздаги биринчи туризм маҳалласи
17:19 / 2023-09-06

Бугун Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласида “Анжир сайли” ўтказилди. Боғибаланд Самарқанд шаҳрининг чекка ҳудудида, Чўпонота тепаликлари этагида жойлашган ҳудуд. Бу ерда соҳибқирон Амир Темур томонидан боғлар барпо этилган ва шундан Боғибаланд номини олган.

Хусусан, Боғибаланд анжирзорлари азалдан тилга тушган ва бундай мева бошқа жойларда етиштирилмаган. Ҳозир ҳам маҳаллада 40 гектар анжир боғлари сақланиб қолган бўлиб, уларнинг тарихи бир неча юз йилларга бориб тақалади.  

– Анжир жаннат меваси ҳисобланади ва шунинг учун ҳам Қуръони каримда бу неъмат ҳақида ёзилган, – дейди Самарқанд анжирзорлари ҳақидаги китоб муаллифи, меҳнат фахрийси Талъат Абдуллаев. – Экологик жиҳатдан ҳам тоза маҳсулот. Чунки анжир етиштиришда кимёвий моддалар ва дорилардан фойдаланилмайди. Бу мева юрак-қон томир тизими, ошқозон-ичак касалликларини даволашда фойдалидир. Барги қайнатилиб чой ўрнида ичилса қанд касаллиги билан оғриган беморларга нафи тегади. Сутда қайнатилган анжир туршаги йўтални бартараф этади. Унинг фойдали хусусиятлари ҳақида Абу Али ибн Сино ҳам ёзиб қолдирган.  

Анжирнинг шифобахшлиги туфайли бўлса керак бу ҳудудда камқонлик, бўқоқ касалликлари деярли учрамайди. Ана жиҳатлар ҳисобга олиниб ҳамда ҳудудда туризмни ривожлантириш мақсадида Боғибаланд туризм маҳалласига айлантирилди. Ушбу лойиҳа доирасида маҳаллада учта оилавий уй меҳмонхона, битта ҳунармандчилик устахонаси, битта сувенир дўкони, учта миллий овқатланиш нуқтаси, учта новвойхона, 12 та дам олиш маскани ва 2 та томорқа хўжалиги ташкил этилган. Умумий ҳисобда 110 та янги иш ўрини яратилди.  

Маҳаллада велосипед, электромобил, веломобил, отда сайр қилиш учун шароит мавжуд. Меҳмонларнинг қулай ҳаракатланиш учун йўл кўрсаткичлари, стелла ва боғ харитаси ўрнатилди. Ҳудудда тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ва савдоси ташкил этилди. Барча учун қулай жойида туризм ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, анжир дарахтларини экиш, етиштириш, ҳосилни йиғиш жараёни билан сайёҳларни таништириш ва ушбу жараёнларда уларнинг иштирок этишлари ва дегустацияни ташкил этишга шароит яратилди.  

Тадбир доирасида Боғибаланд маҳалласига “Туризм маҳалласи” мақоми берилди. Бу ҳақидаги сертификатни экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев маҳалла раисига топширди.  

– Самарқанддаги илк туризм қишлоғи – Конигил 2020 йилда очилган бўлса, мана, орадан уч йил ўтиб, мамлакатимизда илк туристик маҳалла ҳам айнан Самарқандда ташкил этилмоқда,  – деди вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. – Сабаби, бундай этнографик, вилоятнинг ўзига хослигини кўрсатиб берувчи ҳудудларга нафақат хорижий, балки маҳаллий сайёҳларда ҳам қизиқиш кундан-кунга ортиб бораётганини вилоятга ташриф буюраётган меҳмонлар оқимидан ҳам билиш мумкин. Уларнинг сони келгусида янада ошиши учун барча имкониятлар яратилмоқда.  

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА