English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боғдорчиликда замонавий технологиялар яхши самара бермоқда
15:41 / 2025-10-06

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида боғдорчилик йўналишида фаолият кўрсатаётган “A.Masterfruit” масъулияти чекланган жамияти 8 гектар ер майдонидан унумли фойдаланмоқда. Жамият 4 гектарга анорнинг маҳаллий “Қорақайин” ҳамда АҚШнинг Калифорния штатидан келтирилган уруғсиз “Вондерфул” навини, 1,5 гектарга узумнинг "Ризамат" ва "Ҳусайни" навларини, яна 1,5 гектарга малина экиб, юқори ҳосилдорликка эришди.

2022–2024 йилларда ҳосилдорлик кўрсаткичлари сезиларли даражада ошди: анорники 77,2 центнердан 96,7 центнерга, узумники 104 центнердан 157,3 центнерга, малина ҳосилдорлиги эса 42,6 центнердан 54,6 центнерга етди.

Жамият ер майдонларида анор, малина, узум, анжир, чилонжийда, шафтоли, олма ва қулупнайлар Германия технологияси асосида, томчилатиб суғориш тизими орқали парваришланмоқда. Бу усул сувни тежаш, ҳар бир ниҳолнинг соғлом ривожланиши ва юқори ҳосилдорликка эришиш имконини бермоқда.

Жамият иш бошқарувчиси Содиқжон Муҳаммедовнинг таъкидлашича, янгича лойиҳалардан бири — агроволтех технологиясини жорий этишдир. Хусусан, 50 сотих ерда Франциянинг “agrivoltaics” йўналишида 50 минг доллар грант маблағи ҳисобидан қуввати 80 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Ускуналарни Норвегия мутахассислари ўрнатиб беришган.

–  Бу усул жуда самарали, –  дейди Содиқжон Муҳаммедов. –  Биринчидан, малина ниҳоллари тўғридан-тўғри қуёш нуридан ҳимояланади, бу эса ўсиши ва ҳосилдорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Иккинчидан, қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси қўшимча даромад манбаи бўлади. Масалан, қисқа вақт ичида 7 500 кВт/соат электр ишлаб чиқарилди, шундан 5 037 кВт/соати тармоққа сотилиб, фақат икки ойда 7,5 миллион сўмлик даромад олинди.

Келгусида яна бир гектар ердаги малина майдонини ҳам қуёш панеллари билан жиҳозлаш режалаштирилган. Бунинг учун 850 минг долларлик грант маблағи ажратилиши кутилмоқда. Япония мутахассислари билан музокаралар олиб борилмоқда. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг, “agrivoltaics” йўналишида малина етиштириш йўлга қўйилиб, ҳосилдорлик ошиши билан бирга электр энергиясидан олинадиган даромад ҳам ортиши кутиляпти.

Жамиятда ҳозирда 4 нафар доимий ва 15 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда. Доимий ходимларнинг ойлик маоши ўртача 3–3,5 миллион сўмни ташкил этади. Етиштирилаётган маҳсулотлар ички бозор билан бирга хорижга ҳам экспорт қилинмоқда.

–  Ниҳолларни эка бошлаганимизга 5 йил бўлди, –  дейди Содиқжон Муҳаммедов. –  Бизда шўрга чидамли, нордон-ширин анорлар қаторида уруғсиз “Вондерфул” навини ҳам парваришлаяпмиз. Бу мева ўртача ўлчамли, серсув ва 50–55 фоиз шарбат чиқаради, яхши ҳосил беради, ҳар тупидан 70–80 килограммгача ҳосил олиш мумкин.

Шунингдек, жамоа Италия қулупнайини ҳам экиб кўрди. У маҳаллий навдан фарқли ўлароқ, эрта баҳордан кеч кузгача ҳосил бермоқда. Келгусида қулупнай майдонлари кенгайтирилади.  

Малина қатор ораларидаги бўш ердан унумли фойдаланиш ҳам даромад, ҳам ер унумдорлигини оширмоқда.

Икки йил олдин Самарқанддан олиб келиниб экилган 40 туп чилонжийда эса аллақачон ҳосил берди. Бу йилги натижа ҳам қувонарли. Келгусида чилонжийда билан бирга олма ва шафтоли кўчатлари ҳам кўпайтирилиб, бозорга чиқарилади.

Жамият фаолияти фақат боғдорчилик билан чегараланиб қолмаган. Ходимлар ички ва ташқи туризмни ривожлантириш мақсадида агротуризм лойиҳаси устида ҳам иш олиб боришмоқда. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг, мамлакатимизга келаётган туристлар боққа ташриф буюриб, малина, қулупнай, анор ва узумни даладан узиб истеъмол қилиш имконига эга бўлишади. Шу мақсадда зарур инфратузилма яратилмоқда. Шунингдек, маҳсулотларни сифатли сақлаш учун совитиш омбори қурилиши режалаштирилган.

Содиқжон Муҳаммедовнинг меҳнатлари юксак баҳоланди. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, у “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

–  Инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак, –  дейди у. –  Қилган меҳнатим давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, орден билан тақдирланганимдан жуда мамнунман. Бунинг учун Президентимиз ва вилоят раҳбариятига чуқур миннатдорчилик билдираман.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири