Мамлакатимизда боғдорчилик, узумчилик соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш, янги экспортбоп навларни яратиш, мева ва узум навларининг генофондини сақлаш ва бойитиш, соҳада халқаро ҳамкорликни кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган амалий мулоқотда соҳадаги ишлар, мавжуд муаммолар таҳлил қилинди.

Мулоқотда маълум қилинганидек, институтнинг “IN VITRO” лабораториясида данак меваларидан шафтоли, ўрик, олхўри учун фортуна ва “Бест-1” пайвандтагларини кўпайтириш ишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказига 10 та мева-резавор мева нави топширилган.
Бундан ташқари, институтда хорижий ҳамкорлик дастури доирасида Туркия давлатидан гилоснинг 12 та навидан 15 минг туп, шафтолининг 8 та навидан 1 минг 500 туп кўчат олиб келинган. Уларнинг ўсиш ва ривожланишини ўрганиш мақсадида 25 гектар майдонда кўргазмали боғлар барпо этилган.

Институт ҳамда Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда Навоий вилоятида 10 гектар ер майдонида интенсив боғ барпо этилган. Бунда суғориш, ўғитлаш, ҳарорат, ёруғлик ва намликни бошқарадиган автоматлаштирилган тизим ўрнатилган.
Институтда илмий лойиҳалар сони, диссертация иши ҳимоялари ҳамда илмий салоҳиятни оширишга эришилаётгани алоҳида қайд этилди.

Мулоқотда соҳадаги мавжуд қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
М.Комилова, ЎзА