Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Паркент туманидаги боғдорчилик хўжаликлари фаолияти билан танишди. Боғдорчиликда ҳам инновацион ёндашувлар сабаб юқори натижаларга эришилмоқда. Тумандаги “Meridian Tempo” МЧЖга қарашли боғ бу йўналишда чинакам намуна бўлмоқда.
Умумий майдони 56 гектарни ташкил этган ушбу боғнинг 32 гектари гилос, 10 гектари олма, 10 гектари нок ва 4 гектари малинага ажратилган. Парваришланаётган мевали дарахтлар ўзини ўзи чанглатиш хусусиятига эга. Бу эса ҳар бир дарахтдан 100 фоиз ҳосил олиш имконини беради. Айнан шундай технологик ёндашувлар бугун боғдорчиликда ҳосилдорликни ошириш ва барқарорликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Боғда экилган барча кўчатлар Франция давлатидан олиб келинган. Яратилган агротехнологик тизимлар туфайли бу ерда тўлиқ томчилатиб суғориш жорий этилган бўлиб, фойдаланилаётган сув эса қуёш панелларидан олинаётган электр қуввати орқали таъминланади. Сув махсус йиғма ҳавзада тўпланади ва табиий нишаблик орқали босим ҳосил қилган ҳолда боғни суғоради. Бундай ёндашув — харажатни камайтириш, энергияни тежаш, энг муҳими, меҳнат унумдорлигини оширишнинг яққол намунаси.

Бугунги кунда боғдаги гилосларнинг 100 фоизи экспортга йўналтирилмоқда. Олма ва малина эса ички бозорга – импорт ўрнини босиш мақсадида реализация қилинади. Бу эса нафақат фойда манбаи, балки озиқ-овқат хавфсизлиги ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини ҳам таъминлашда муҳимдир. Тадбиркорнинг айтишича, яқин келажакда яна 500 гектар ерда янги боғ барпо этилиши режалаштирилган.

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу боғ ҳудудида махсус тажриба майдони ташкил этилган. Бу ерда хориждан олиб келинган кўчатлар аввало, синовдан ўтказилади. Ҳар бир дарахт, ҳар бир нав қандай иқлимда, қандай шароитда қандай натижа бериши бевосита шу ернинг ўзида кузатилиб, таҳлил қилинади. Боғни оддий хўжалик эмас, илмий ёндашув асосида ташкил этилган тажриба марказига қиёслаш мумкин. Илмий ишланмалар, агротехнологик ечимлар шу жойнинг ўзида, синовдан ўтади. Яъни, бу ерда фақат дарахт эмас, билим, тажриба, технология ҳам бир-бирига уйғунлашган.

Вазир масъуллар билан суҳбатлашиб, ўз фикр ва тавсияларини билдирди.
А.Мусаев, ЎзА.