Боғдодда ёш курашчилар мамлакат чемпионлиги учун беллашмоқда
Шу кунларда Фарғонанинг Боғдод туманидаги спорт мактаби марказий ўйингоҳида бел олиш ва уч кураш бўйича ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионати юзлаб спортсеварларга кураш завқини тортиқ этмоқда.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон бел олиш ва уч кураш ассоциацияси йиллик-тақвим режасидаги мазкур чемпионатнинг илк кунида ўсмирлар ва қизлар ўртасида ғолиблар аниқланди.


Муросасиз баҳслар натижасида ўғил болалар орасида қашқадарёлик Жаҳонгир Зокиржонов, фарғоналик Муслимбек Тоҳиржонов, сирдарёлик Шербек Бегимқулов, қорақалпоғистонлик Муҳаммад Тўрабоев, наманганлик Сухробжон Иброҳимов каби спортчилар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, қизлардан Арайлим Испанова, Раънохон Муродова, Фотима Фозилова, Одина Усмонова сингари спортчи барчинойлар чемпионликка мушарраф бўлди.
Мусобақалар 15 мартга қадар давом этади.
ЎзА