Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида фаолият юритаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг катта қисмида таълим сифати ва болалар хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида 118 та нодавлат боғчанинг 61 таси белгиланган талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Мазкур масала Гулистон туманидаги 1-сонли умумтаълим мактаби фаоллар залида бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинди. Йиғилиш Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Мавлонбердиев раҳбарлигида ўтказилиб, унда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти таҳлилий-танқидий руҳда кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, туманда жами 118 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, шулардан 11 таси турли сабабларга кўра вақтинча фаолият юритмаяпти. Вилоят ишчи гуруҳлари томонидан ўтказилган комплекс текширувлар фақат 43 та боғчада таълим-тарбия жараёни белгиланган меъёр ва стандартлар асосида йўлга қўйилганини кўрсатди.

Айниқса, 15 та оилавий боғчада ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаётгани жиддий ташвиш уйғотди. Хусусан, айрим муассасаларда ёнғиндан огоҳлантирувчи мосламалар ўрнатилмаган ёки уларнинг техник хизмат муддати ўтган, ўт ўчириш воситалари етарли даражада таъминланмаган. Шунингдек, қўлбола иситиш печлари ва газ баллонларининг хавфсизлик талабларига зид ҳолда қўлланилиши болалар ҳаёти ва саломатлиги учун хавф туғдириши таъкидланди.

Йиғилиш давомида соҳадаги мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, назорат механизмларини кучайтириш ва масъулиятни ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Тегишли мутасаддиларга аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, ёнғин ва санитария хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юклатилди.
Ғулом Примов, ЎзА