Ёзнинг иссиқ кунлари бошланиши билан ОКМК Ижтимоий объектлар бошқармаси тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотларида ёзги соғломлаштириш мавсумига старт берилди.
Мавсум бошланиши муносабати билан 21-сонли “Турнача” мактабгача таълим ташкилотида намунали тадбир ташкил этилди. Унда Ижтимоий объектлар бошқармаси бошлиғи Савия Тагирова ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари мудиралари иштирок этди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг жорий йил тегишли буйруғига асосан боғчаларда ёзги соғломлаштириш мавсумини сифатли ва самарали ўтказиш мақсадида тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, болажонларни интеллектуал салоҳиятли, жисмонан соғлом бўлиб ривожланишлари учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш учун тавсияномалар тайёрланди.

Бу бўйича комбинатнинг 15 та боғчаларида ҳам мавсумни самарали ўтказиш мақсадида, оталиқ ташкилотлар билан қизғин тайёргарлик кўрилди. Ҳар бир боғчадаги мавсумда иш фаолият жараёнини очиқ осмон остида ўтказилиши режалаштирилди. Бунда ўн кунлик мавсумий таомнома асосида болажонлар овқатлантирилади.

Бундан ташқари, ёзги мавсумда болажонлар учун кўнгилочар ўйинлар ташкил этилади. Ўйин майдончаларининг байрамона ясатилиши ҳам болажонларда эстетик дид ва маънавий ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Мавсум давомида мавзули режалаштириш асосида ҳафта ва ой номларидан келиб чиқиб, тарбиячилар очиқ ҳавода турли ўйинларни ташкил этади.

Айниқса, болажонлар учун ташкил этиладиган чиниқтириш муолажалари – қуёш ваннаси, массаж йўлаклари, ҳаво ваннаси, сув ҳавзаларида чўмилишлари уларни соғлом ўсишларида катта аҳамият касб этади.

Масалан, 21-сонли МТТга Ковулди кони бириктирилган бўлиб, ушбу ташкилот томонидан боғча ҳудуди ободонлаштирилиб, бино ташқи фасади, бассейн, деворлар таъмирланди. Ҳозирда 12 та шийпончалар таъмирланмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.