Андижон вилояти Марҳамат туманидаги Қороқўрғон маҳалласидаги 8- ҳамда Йўламатол маҳалласидаги 9-давлат мактабгача таълим ташкилотларининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
“Обод қишлоқ” дастури асосида қайта қурилган ушбу мактабгача таълим ташкилотларининг ишга тушиши туманда яна 240 нафар болани мактабгача таълимга қамраб олиш имконини яратди.
Қороқўрғон қишлоғидаги 120 ўринли 8- мактабгача таълим ташкилотининг қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун қарийб 3 миллиард 781 миллион сўм маблағ сарфланди. Қайта қурилган ушбу масканда болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етишлари учун зарур барча шароитл яратилган.

– Боғчамизда катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди, – дейди Йўламатол маҳалласидаги 9-давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Патилахон Абдуллаева. – Эндиликда кўркам ва замонавий кўринишга эга бўлган боғчамиз 120 нафар болани ўз бағрига олади. Бу ерда нафақат болажонлар, балки тарбиячиларнинг самарали фаолият олиб бориши учун зарур шароит яратилган.
Замонавий қиёфага эга мактабгача таълим ташкилотларининг ишга тушиши билан қўшимча 12 та янги иш ўрни яратилди.

Айни кунда Марҳамат туманида 29 давлат, 16 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, шунингдек, 100 та уй боғчаси фаолият кўрсатмоқда. Умуман, туманда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш 55 фоизга етди.
Жорий йил охирига қадар Марҳамат туманида яна бир нечта болалар тарбия масканларининг ишга туширилиши кўзда тутилган.

