Сирдарё вилоятида мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалар ҳамда келгуси режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда 2025 йил давомида таълим соҳасида олиб борилган кенг кўламли ишлар таҳлил қилиниб, соҳадаги устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, вилоятда таълим сифати ва қамровини ошириш, инфратузилмани янгилаш ҳамда замонавий таълим ёндашувларини жорий этиш давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланмоқда. Айни пайтда Сирдарё вилоятида 1 173 та мактабгача таълим ташкилоти ва 313 та умумтаълим мактаби фаолият юритмоқда. 3–7 ёшли 81 минг нафардан ортиқ боланинг 87,2 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олингани соҳадаги муҳим натижалардан бири сифатида қайд этилди.

Сўнгги йилларда янги боғчалар қурилиши, мавжуд муассасаларни реконструкция қилиш, давлат-хусусий шериклик ва оилавий боғчаларни ривожлантириш орқали таълим инфратузилмаси изчил кенгайиб бормоқда. Хусусан, 6 399 та янги ўрин яратилди. Жорий йилда 48 та мактабгача таълим ташкилоти ва 59 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу мақсадлар учун 596,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада боғчаларда 2 730 нафар, мактабларда эса 6 956 нафар ўқувчи учун қўшимча ўринлар яратилди. Боғча мавжуд бўлмаган 3 та маҳаллада янги мактабгача таълим ташкилотлари, спорт залига эга бўлмаган 5 та мактабда эса замонавий спорт иншоотлари барпо этилди.

Таълим тизимини рақамлаштириш йўналишида ҳам сезиларли силжишлар қайд этилди. Мактабларга 767 дона замонавий компьютер етказиб берилди, таълим муассасаларининг барчаси техник воситалар билан таъминланиб, 100 фоиз мактаб интернет тармоғига уланди. Давлат мактабгача таълим ташкилотларида электрон давомат тизими жорий этилгани таълим жараёнида шаффофликни таъминлаётгани таъкидланди.
2025–2026-ўқув йилидан бошлаб вилоятдаги 310 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилди. Ушбу янгилик ўқувчилар билим самарадорлигини 10,2 фоизга оширишга хизмат қилгани қайд этилди. Шу билан бирга, PISA ва PIRLS халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик ишлари кучайтирилиб, фан олимпиадаларида 32 минг нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди.

Матбуот анжуманида педагог кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирда мактабгача таълим тизимида 4 675 нафар педагог фаолият юритиб, уларнинг 34 фоизи олий маълумотли мутахассислар ҳисобланади. Педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш мақсадида “Методик маҳорат куни” ва “Методик маҳорат соати” каби тизимли ташаббуслар йўлга қўйилгани таъкидланди.
Инклюзив таълим йўналишида ҳам амалий ишлар кенгаймоқда. Ҳар бир туман ва шаҳарда инклюзив гуруҳлар ташкил этилиб, 30 нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинган. Умумтаълим мактабларида эса 159 нафар бола инклюзив таълим асосида таҳсил олмоқда. Ушбу йўналишни ривожлантириш учун 1 миллиард 438 миллион сўм маблағ ажратилгани маълум қилинди.
Шунингдек, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, педагогларни рағбатлантириш ва хорижда малака ошириш ишлари учун маҳаллий бюджетдан 1,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани қайд этилди.
Матбуот анжуманида 2026 йил бошида Гулистон шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Гулистон филиалида ўтказилган “Вилоят ёш ўқитувчилар уюшмаси” биринчи форуми ҳақида ҳам маълумот берилди. Мазкур форум ёш педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани таъкидланди.
Тадбир доирасида 50 нафар ёш ўқитувчига “Ёш ўқитувчилар уюшмаси аъзоси” кўкрак нишонларининг тантанали топширилиши ёш кадрлар учун муҳим рағбат ва ишонч ифодаси бўлгани алоҳида қайд этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири