Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боғчада сифатсиз кўмир ишлатилаётгани аниқланди
16:16 / 2025-11-28

Шу кунларда парламент қуйи палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Ўрганишлар давомида жойлардаги ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати билан яқиндан танишилмоқда. Фуқароларнинг мурожаатлари тингланмоқда.

Жумладан, депутат Шаҳноза Холмаҳаматова Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманларида бўлиб, мавжуд масалаларни ўрганди. Китоб туманининг узоқ тоғли ҳудуди — Паландара маҳалласига ташриф давомида аҳолининг турмуш тарзи, инфратузилма ва иш ўринларининг ҳолатига эътибор қаратилди. 8,7 мингга яқин аҳоли яшайдиган ушбу ҳудудда "маҳалла еттилиги" фаолияти билан танишилди.  

Депутат 22-сонли мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини ҳам ўрганди. Боғчада болалар учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бироқ муассасада сифатсиз кўмирдан фойдаланилаётгани маълум бўлди.  

Халқ вакили қиш арафасида боғчалар иссиқ ва болалар учун хавфсиз бўлиши кераклигини таъкидлади. Шу мақсадда тегишли мутасаддиларга таъминотни қайта кўриб чиқиш ва боғча ҳамда мактабларни сифатли ёқилғи билан таъминлаш бўйича депутатлик сўрови юборадиган бўлди.  

***

Депутат З.Зоҳидов эса Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги ўрганишлари давомида фуқаролар билан мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида фуқароларнинг мурожаатлари эшитилди. Жумладан, ҳудуд аҳолиси иш билан бандлик, уй-жой, коммунал хизматлар, йўл ва транспорт, тадбиркорлик ва ижтимоий соҳаларга оид масалаларда мурожаатлар қилди. Мазкур масалалар тегишли мутасаддилар билан муҳокама қилиниб, муаммоларни ижобий ҳал этиш чоралари белгилаб олинди.

Депутатларнинг жойлардаги учрашув ва мулоқотлари, ўрганишлари давом этмоқда.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА