Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 21-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида “Болаларни миллий қадриятлар ва меҳнатга ўргатиш” мавзусида вилоят миқёсидаги амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда вилоятдаги барча мактабгача таълим ташкилотлари директорлари иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг эрта ёшдан меҳнатга қизиқишини ошириш, касбга йўналишини шакллантириш, амалий кўникмалар ва мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, жамоавий ҳамкорлик ва ижодий ёндашувни мустаҳкамлаш, миллий қадриятлар асосида тарбиялашдан иборатдир.

Давлат мактабгача таълим ташкилотида фаолият юритаётган тўгаракларда болажонлар тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик, қурилиш, зардўзлик, новвойлик, ҳамширалик, асаларичилик, пиллачилик каби йўналишларда амалий машғулотлар олиб бормоқда.

Мазкур машғулотлар орқали болаларда ижодкорлик, мустақил фикрлаш, майда моторика, сабр-тоқат, гигиена ва меҳнат маданияти каби муҳим кўникмалар шаклланмоқда.


Семинар иштирокчилари ушбу жараёнларни бевосита кузатиб, ўз фаолиятларида қўллаш мумкин бўлган самарали тажриба ва ёндашувларни ўрганди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.