Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боғча педагоглари малака ошириш маркази иш бошлади
18:45 / 2025-05-28

Самарқанд вилоят педагогик маҳорат марказида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда Мактабгача таълим тизими педагоглари малакасини ошириш маркази ташкил этилди.

Марказнинг очилиш маросимида Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда ЮНИСЕФ ижрочи директори Кетрин Рассел хоним иштирок этиб, марказда амалга ошириладиган ўқув жараёнлари билан яқиндан танишди. 

ЮНИСЕФ билан мазкур йўналишдаги ҳамкорлик 2023 йилнинг декабрь ойидан бошланган бўлиб, 50 миллион АҚШ доллари қийматидаги “Ўзбекистон Республикасида сифатли мактабгача таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш” лойиҳасининг ижрочи ҳамкори ҳисобланади. Лойиҳадан мақсад мактабгача таълим сифати ва ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

[gallery-23630]

– Лойиҳанинг дастлабки босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Андижон ва Самарқанд вилоятларидаги педагогик маҳорат марказларида махсус мактабгача таълим тизими педагоглари малакасини ошириш марказлари ташкил этиш белгиланган, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Оятулла Раҳматуллаев. – Бу лойиҳа ўн йилга мўлжалланган бўлиб, унда мактабгача таълим тизими муассасалари раҳбар ва педагогларининг замонавий таълим методлари асосида билим ва малакасини ошириш кўзда тутилган. Эътиборли томони, Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири жорий йил бошида Италияга сафари давомида Реджи Эмилио таълим маркази билан ҳамкорлик бўйича келишувга эришганди. Ҳозир мазкур марказ мутахассислари айнан ушбу лойиҳа доирасида ҳудудларда мактабгача таълим тизими педагоглари малакасини ошириш марказларининг ўқув услубий таъминотини яратишда иштирок этмоқда.

Самарқанд вилоят педагогик маҳорат марказида ташкил этилган Мактабгача таълим тизими педагоглари малакасини ошириш марказида 1 та аудитория, 1 та ўқув лаборатория, компьютер хонаси ва 1 та ўқув хонаси замонавий жиҳозланди. Ушбу хоналарнинг ўзига хослиги шундаки, бевосита назарий билимлар амалий машғулотлар билан уйғун ташкил этилади.

Маълум қилинишича, ҳудудларда бу каби марказларнинг бештаси айни кунларда ўз фаолиятини бошласа, яна олтитаси жорий йил якунига қадар ишга туширилиши белгиланган.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари