“Боғча опаларга мазза-а?!...” мазмунидаги видеолавҳа юзасидан расмий муносабат билдирилди
Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Поп туманида жойлашган 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти билан боғлиқ “Боғча опаларга мазза-а?! Иккита болани битта жойга ётқизиб, ўрнига ўзи оёқни осмонга кўтариб телефон ўйнаб ётаверади”, мазмунидаги видеолавҳа тарқалди.
Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати билдирган расмий муносабатга кўра, мазкур видео 2021 йилнинг 16 апрель куни тасвирга туширилган ва “SizdanTelegram” ижтимоий тармоғи орқали ўша йилнинг 21 июнь куни ёритилган.
Таъкидланишича, бу масала аллақачон ёпилган ва бу ҳолатни келтириб чиқарган ходимлар учун тегишли чоралар қўлланилган. Ўша вақтнинг ўзида, 22 июнь куни расмий муносабат ҳам билдирилган.
Кейинчалик, ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур видеоёзув бўйича тегишли чора (вазифасидан озод этиш) қўлланилган. Бундан норизо бўлган ходим вилоят фуқаролик судига ишга тиклаш тўғрисидаги даво аризаси киритган. Бироқ суд фуқаронинг ушбу аризасини қаноатлантиришни рад этган.
ЎзА