ФОТОРЕПОРТАЖ
Халқ тилида жаннат меваси сифатида таъриф берилган анжирнинг фойдали хусусиятлари ҳақида ҳар қанча гапирсак оз. Бу мева тўйимлийлиги, ширин таъми билан бирга, витамин ва қувватдош моддаларга бойлиги билан ҳам инсонга саломатлик, гўзаллик бахш этади. Унинг барги ҳам фойдали. Тиббиёт ва халқ табобатида тери доғлари ва бошқа тери касалликларини даволашда яхши самара беради. Баргидан олинадиган фурален дори воситаси терининг замбуруғли хасталиклари, соч тўкилишининг олдини олади.
Фарғона вилояти Бувайда туманининг Оққўрғон қишлоғи аҳолиси асрлар давомида анжир етиштириш билан шуғулланиб келади. Бу ерда ўз касбининг усталари, миришкор боғбонлари кўп. Айтишларича, маҳаллага меҳмон бўлиб келган кишиларни анжирзорлар бўйлаб саёҳатга чорлаш одат тусига кирган. Анжирзордаги олтиндек товланиб кўзни қамаштираётган меваларнинг ширин таъми, хушбўй ифори руҳиятни кўтариб, чарчоқларни унутиш имконини беради.
[gallery-7627]
Бахтиёр Аҳмедов – анжир етиштирувчи боғбонлар сулоласидан. Эсиниб танибдики томорқасида анжир етиштириш, турларини кўпайтириш билан банд. Айни кунда 30 сотихли майдонда оила аъзолари билан бирга анжир, олма, шафтоли, нок мевалари парваришламоқда. Яна саноқли кунлардан сўнг илк ҳосил нишоналари пишиб етилади. Тиниб-тинчимас боғбон янги анжир навларини маҳаллийлаштириш, турларини кўпайтириш билан ҳам машғул.
–Анжир нафақат саломатлик, балки мўмай даромад манбаи, - дейди уста боғбон Бахтиёр ака ҳосил нишоналарини кўрсатиб. – Унинг барги, қуритилган меваси ҳам пул. Анжир кўп эътибор талаб қиладиган мевалар турига киради. Қишда совуқдан асраш, баҳорда ер юзига кўтариш каби юмушлар кишидан сабр-бардош, қунт талаб қилади. Ҳар йили анжирчиликдан 30-40 миллион сўм даромад оламиз. Уй-жой, тўкин ҳаёт ана шу меҳнат ва изланишларимиз маҳсули. Бундан ташқари, Туркия, Эрон анжир кўчатларини кўпайтириш борасида ҳам изланяпман.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат),ЎзА