Навоийда вилоят ҳокимлиги томонидан кутилаётган совуқ об-ҳаво шароитида деҳқончилик ва чорвачилик йўналишларида амалга ошириладиган тезкор чораларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Гидрометеорология хизмати маркази маълумотларига кўра, сўнгги кунларда кузатилаётган давомли ёғингарчиликлар билан бирга республиканинг барча минтақалари, жумладан, Навоий вилоятининг шимолий ва чўл ҳудудларида ҳаво ҳарорати -2-6 даражадан -7-10 даражагагача совуши тўғрисида маълумотлар тарқалди. Бу қишлоқ хўжалиги экинлари ва гуллаган мевали дарахтларга салбий таъсир кўрсатади.
Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фурқат Маҳмудовнинг таъкидлашича, бугунги кунда вилоят ҳокими раҳбарлигида 15 кишидан иборат Штаб ва 14 кишидан иборат ишчи гуруҳи тузилган. Кунлик мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилиб тегишли чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Айни пайтда вилоятнинг 6 туманида ўрик 74 фоиз, шафтоли 3 фоиз, бодом эса 100 фоиз гуллаган. Мутахассисларнинг фикрича, нок, олхўри, олма, ёнғоқ, олча ва ўрик гуллари -2-4, шафтоли ва бодом -4-5 даражага бардош беради.
– Об-ҳаводаги ушбу ўзгаришларнинг мевали боғ ва узумзорларга салбий таъсирининг олдини олиш ва гуллаган дарахтларни ҳимоялаш мақсадида қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизилади, – деди Ф. Маҳмудов. – Қатор ораларига гўнг аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, улар тутатилади. Бунинг учун боғ ва токзорларга бир текисда эни 1,25-1,5 метр, баландлиги 0,5-0,75 метрдан тўп-тўп қилиб уюм қўйилади. Дарахтларнинг ёши ва қалин-сийраклигига қараб ҳар бир гектарда 100-200 та уюм ҳосил қилиш керак. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмлар боғнинг шамол эсадиган томонига қўйилади ва ҳаво ҳарорати кузатиб борилади.
Ҳеч кимга сир эмаски, ёғингарчиликнинг кўпайиши ҳудудларда сел оқимлари, тошқин ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни келтириб чиқаради.
Матбуот анжуманида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Пўлатов сўзга чиқиб, сел келиши мумкин бўлган ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
Жумладан, бугунги кунда аҳоли томонидан вилоятнинг Кармана, Хатирчи, Нурота, Навбаҳор туманларида сел йўллари муҳофаза ҳудудида ноқонуний қурилмалар қуриш, сел йўлларига тўсиқлар қўйиш, ҳар хил турдаги дарахтлар экиш, шунингдек, ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олиш ҳолатлари учрамоқда. Бу эса ўз навбатида ёғингарчиликлар вақтида турли даражадаги салбий ҳолатларни келтириб чиқаради ва сув оқимининг ўзгариши натижасида аҳоли хонадонларига хавф солишига олиб келади.
– Тошқинга қарши Ҳукумат комиссиясининг 2022 йил 28 январдаги 1-сон йиғилиш баёнига асосан вилоятда 12 та объектда махсус муҳандислик тадбирларини олиб бориш учун республика бюджетидан 12 миллиард 317 миллион сўм маблағ ажратилган, – деди Ф.Пўлатов. – Вилоятнинг 2 та шаҳар ва 6 та туманидаги мавжуд хавфли ҳудудларда сойлар ва каналлар ўзанларини тозалаш, қирғоқ ва дамбаларни мустаҳкамлаш тадбирлари амалга оширилмоқда. Ёғингарчилик мавсумида сел ва сув тошқинлари хавфи юзага келиши мумкин бўлган Хатирчи туманининг “Олтинсой”, “Майдон”, “Кориз Араб”, “Боғчакалон” маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтувчи “Боғчакалон” ва “Полвонота”, Нурота туманининг “Сентоб”, “Янгитурмуш”, “Чуя” маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтувчи “Қулмажарсой” ва “Чуясой” сойларидаги сув сатҳини мунтазам назорат қилиб туриш ва вазиятни ўрганиш постлари ташкил этилди ҳамда доимий равишда алоқа алмашинуви йўлга қўйилди. Шунингдек, Тўдакўл, Қуйимозор, Кўксарой, Сентоб сув омборларининг бугунги ҳолати ўрганилди.
Матбуот анжуманида вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ойбек Низамов, вилоят қоракўлчилик ва яйлов хўжаликларини ривожлаштириш уюшмаси бошлиғи Улуғбек Халилов, вилоят агрохизматлар маркази директори Ҳабиб Зариповлар жойларда амалга оширилаётган ишлар, тавсиялар ва белгиланаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан атрофлича жавоб берилди.
[gallery-6228]
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА.