Шу кунларда республикамизга кескин совуқ ҳаво оқими кириб келаётгани барчанинг диққат марказида. Бундай шароитда совуқнинг салбий таъсирини камайтириш ва уни юмшатиш чораларини кўриш жуда зарур. Бу борада мевали дарахтларни, айниқса, совуққа чидамсиз бўлган анорзор ва токзорларни совуқдан асрашга эътибор қаратиш зарур.
“Ўзагроинспекция” ахборот хизмати Холида Шодиеванинг маълум қилишича, мавсумни талофатсиз ва безарар ўтказиш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг 1 минг 400 нафар ходими томонидан жойларда анорзор ва токзорларда кўмиш тадбирлари алоҳида назоратга олинган.

Ҳудудлар бўйлаб ўтаётган тадбирлар ҳисобига, 7 декабрь ҳолатига 3 минг 328 гектар ( 27 фоиз) анорзор ҳамда 51 минг 503 гектар ( 56 фоиз) токзорлар сифатли қилиб кўмилиб, қишки совуқли кунларда чидамли ҳолатга келтирилган. Жумладан, Сурхондарё, Фарғона, Сирдарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида мавжуд токзорларни кўмиш ишлари 65-70 фоизга амалга оширилган.
Шунингдек, Наманган, Бухоро, Жиззах, Самарқанд ва Андижон вилоятларида анорзорларни қишга тайёргарлик тадбирлари 45-50 фоизга бажарилган.

Бундан ташқари, ходимлар томонидан мевали боғларни совуқдан сақлаш мақсадида олма, гилос, олхўри ва бошқа мевали боғларнинг қатор орасига хазонлар йиғиш ишлари ташкил қилиниб, ҳаво ҳарорати 10 градусдан паст бўлган ҳолатда хазонларни ёқиб тутатишга тайёргарлик кўрилди. Ушбу тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида барча Инспекция ходимлари сафарбар қилиниб, жойларга чиққан ҳолда якунлаш чорасини кўриб бормоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, соҳа вакилларининг тавсиясига кўра, мевали боғ ва узумзорларни асраш учун қатор ораларидан суғориш ариқлари олиб, суғориш, яъни яхоб суви бериш лозим. Совуқ вақтида боғ ва токзорларни қондириб суғориш натижасида сув ҳарорати ҳаво ҳароратидан юқори бўлгани учун сув буғлари ер ва дарахтларнинг ҳарорати пасайишига йўл қўймайди. Уруғли мева боғларда шакл бериш ва кесиш тадбирларини совуқ ҳароратлар ўтгунга қадар вақтинча тўхтатиш керак.
Кўмилмай қолган ток туплари, анор ва анжир буталарини совуқдан сақлаш учун зудлик билан хашаклар ва шоли поялар билан ёпиш ёки тупроқ билан кўмиш талаб этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА