Андижонда “Ҳаёт учун жой ажратинг!” шиори остида оммавий плогинг экологик акцияси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан ташкил этилган оммавий акцияда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши фаоллари, қатор ташкилотлар вакиллари, “Ёш экологлар” ҳаракати аъзолари, шунингдек, кўнгилли талабалар ва волонтёрлар фаол иштирок этди.
Экоакциянинг асосий тадбирлари Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги миллий истироҳат боғида бўлиб ўтди. Акция очилишига бағишланган тадбирда вилоятда она табиатни асраб-авайлаш, ҳудудларнинг тозалигини сақлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги, ушбу хайрли ишга барча ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги таъкидланди.
– Экоакцияни ўтказишдан асосий мақсад ҳудудларни пластмасса, полиэтилен ва бошқа чиқиндилардан тозалаш ишларини амалга ошириш, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилоят кенгаши раиси Хуршидбек Юсупов. – Қолаверса, аҳолининг, ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, она табиатни асраб-авайлаш, покизалигини сақлашга қаратилган ишлардаги фаоллигини, шунингдек, мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини оширишдан иборат.
[gallery-25384]
Экоакция давомида ташкилотчилар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, фаол кўнгилли ёшлар томонидан боғ ҳудуди пластмасса, полиэтилен ва бошқа турли чиқиндилардан тозаланди. Йиғилган чиқиндилар махсус чиқинди қабул қилиш пунктларига топширилди.
Акция доирасидаги ишлар ташкилотчилар томонидан мувофиқлаштирилиб, иштирокчилар қўлқоп, чиқинди солиш учун махсус қоплар билан таъминланди. Чиқиндиларни ташиш учун эса техника воситалари жалб этилди.
Бу каби тадбирлар вилоятнинг қатор туман ва шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари