Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ўтган асрнинг 50-йиллари ўз фаолиятини бошлаган. Шундан буён у Ўзбекистондаги энг йирик ишлаб чиқариш корхонаси мақомида эди. Аммо йиллар ўз таъсирини кўрсатди. Қурилмалар яроқлилик муддати ўтгани учун доимо таъмирлаш, модернизацияга муҳтож бўлди.
Бу ерда катта миқёсдаги иш – ёнилғи таркибидаги олтингугуртни тозалаш қурилмаси бунёд этилганига ҳам йигирма йилдан ошди.
Нефтни қайта ишлаш технологиялари такомиллашиб боряпти, маҳсулот сифатига талаб ошмоқда. Шунинг учун ҳам Фарғонада Президент ва ҳукумат қарорлари асосида кенг кўламда ишлаб чиқариш технологияси модернизация қилиняпти. Франция, Италия, Англия мутахассислари лойиҳаси ва ускуналари иштирокида нефтдан маҳсулотлар олишда энг зарур бўлган водородни бойитиш ва водород ишлаб чиқариш қурилмаси янгитдан бунёд этилмоқда.
–Бу қурилмалар ишга тушганда завод қурилмаларини 99,9 фоиз водород билан таъминлайди, – дейди завод лойиҳаларни бошқариш департаменти бошлиғи ўринбосари Йўлдошали Мирзакаримов. – Изомеризация қурилмасида халқаро талабга жавоб беридиган АИ-92, АИ-95 бензин маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Гидрокрекинг қурилмасида синтетик, яримсинтетик мой маҳсулотлари API (American Petroleum Institute) II/III-гуруҳга мансуб мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкониятини яратади, ҳамда JETA-1 авиокеросини, бензин, дизел ёнилғилари қўшимча ишлаб чиқарилади.
Маълумки, ҳозиргача нефтни қайта ишлаб ундан 100 фоиз маҳсулот олиш мумкин эмас эди. Аниқроғи, нефтдан турли қолдиқлар ажраб чиқар эди. Мутахассислар энди гидрокрекинг технологиясини жорий этмоқдалар.
–Гидрокрекинг қуримасининг афзаллиги завод қурилмаларида ишлаб чиқилган қолдиқ маҳсулотларини қайта ишлаб, қўшимча қиймат берувчи маҳсулотга айлантиради. Маҳсулот тури ҳамда сифати ошади. Шу қурилма ишга тушиши билан завод йилига 2 миллион тонна хом ашёни қайта ишлаш имкониятига эга бўлади, – дейди Йўлдошали Мирзакаримов.
Нефтни қайта ишлаш буғсиз мумкин эмас. Ҳозиргача у иссиқлик электр станциясидан олинар эди. Бу масала ҳам ечимини топяпти. Заводда 100 ва 25 тонналик учтадан, жами 6 та буғ қозонхоналари қурилмоқда. Унга самарадор Италия буғ қозонлари олиб келинди. Унинг афзаллиги шундаки, дастлаб сувни кимёвий тозалайди, яъни чучуклаштиради. Бундай сувдан олинган буғ қувурларни чиритмайди.
Мутахассисларнинг айтишича, энди буғ қозонларига газ эмас, балки заводнинг ўзидан чиқадиган мазут ёқилади.
Ўн йиллар давомида сиғимларда эррозия рўй бера бошлади. Бу табиий ҳол эди. Завод мутахассислари 60 минг кубметрлик янги сиғимларни монтаж қилишмоқда. Булар ҳам одатий сиғим эмас. Янги сиғимларда инновацион ечимлар қўлланилган. Яъни, улар ҳаво ҳароратига қараб нафас олади ҳамда табиатга мутлақо чиқит чиқармайди.
Баҳорнинг шукуҳли кунларида фарғоналик мутахассислар яна бир улкан ютуқни қўлга киритди. Энди Нефтни қайта ишлаш заводида энг юқори сифатли авиаёнилғи ишлаб чиқарилади.
–Бу иш ўн йил давомида амалга оширилди. Устозларимизнинг жуда катта меҳнати сингган. 3 миллион доллар пул маблағлари ўзлаштирилди. Бу эришилган ютуқ нафақат заводники, балки республикамизнинг катта ютуғи деб ҳисоблайман, – дейди директор ўринбосари Иқболжон Раҳимов.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/SjmI7I_iRnk" title="Boeing’лар Ўзбекистон ёнилғисида учади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Шу ўринда икки жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти кун сайин ошиб бормоқда. Президент топшириғи билан ички ва халқаро авиақатновлар сони икки баробар ошириладиган, бунинг учун янги замонавий самолётлар сотиб олинадиган бўлинди. Уларга эса камида Евро-5 сифатидаги ёнилғи керак бўлади. Бу масала Фарғонада ҳал этилди.
–Сифат кўрсаткичлари энг охирги талабларга жавоб беради. Boeing, Airbus каби замонавий самолётларда фойдаланиш мумкин бу ёқилғидан, – дейди Иқболжон Раҳимов. – Илгари 120 минг тоннагача авиакеросин ишлаб чиқариш мумкин эди. Энди бу миқдорни тўрт баробарга ошириш имкони бор.
Икки муҳим жиҳат шундаки, JEAT-1 яъни авиаёнилғи мутлақо маҳаллий хом ашё – Ўзбекистон нефтидан олиняпти. Бу билан импорт ўрнини босувчи маҳсулот маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқилишига эришилди.
Яна бир гап. Бугунги ютуққа эришиш йўли осон кечмаган.
–Мен шу заводда 50 йилдан ортиқ ишладим, – дейди меҳнат фахрийси Ҳабибулло Алиев. – 2009-2011 йилларда асосий масала JEAT-1 маҳсулотини чиқариш бўлган. Шунинг учун зангламас трубаларни қурилмалар, сиғимлар, юклаш бўлимларигача тортдик. Лаборатория жиҳозлари олиб келинган. Лекин бу ишларнинг ҳаммаси тўхтаб қолганди. Бугун мени заводга чақиришди. JEAT-1 маҳсулотини чиқаришни бошлашибди. Мен жуда хурсанд бўлдим бундан. Чунки қилинган ишлар қолиб кетиб, афсусда юргандим. JEAT-1ни чиқариш учун маблағ ажратган давлатимиз, шу ишни охирига етказган шогирдлардан жуда хурсандман.
Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, корхонада ёш, иқтидорли янги замон мутахассисларини бирлаштира олдилар. Маънан эскирган ускуналар, технологик жиҳозлар ўрнини энг замонавийси эгаллаяпти.
Ишчи-ходимларнинг ижтимоий муҳофазасига устиворлик берилди. Корхона ҳудудида янги, қулай лойиҳада ечиниш-ювиниш мавзеси ташкил этилди. У сиҳатгоҳлар каби ободонлаштирилди. Ундан узоқроқ масофадаги курилмада ишловчилар учун велосипедлар парки очилди.
Хизмат кийимлари илгари сотиб олинар эди. Энди уни ҳам янги ташкил этилган тикувчилик цехида ишлаб чиқаришмоқда. Бу билан яна 30 та ёш чеварлар ишли бўлди.
Ишчилар таомномасида қишин-ёзин энг сара мева ва сабзавотлар бор. Уни ҳам ўзлари етиштирадилар. Иссиқхоналарда бодринг ҳосили ошхона дастурхонига етказилмоқда.
Завод ёнгинасида тиббий хизмат кўрсатиш ва даволаш маркази ишлаб турибди. Бу ерда ҳам ишчи-хизматчилар саломатлигини муҳофаза қилиш, даволаш учун барча замонавий тиббий жиҳозлар, малакали шифокорлар бор.
Фарғона нефтни қайта ишлаш корхонаси бугун эришаётган натижалар унинг шонли тарихи китобидан унитилмас воқеа сифатида ўрин олиши шубҳасиз.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(видео)
ЎзА