Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бобурхонлик” адабий кечаси ўтказилди
14:55 / 2026-02-14

14-февраль — шоҳ ва шоир, буюк давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган сана муносабати билан Сирдарё вилоятининг Гулистон тумандаги таълим муассасасида “Бобурхонлик” адабий кечаси бўлиб ўтди.

Мазкур маънавий-маърифий тадбир Бобур Мирзонинг бой ҳаёти ва серқирра ижодини кенг тарғиб этиш, ёшлар қалбида аждодлар меросига ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

Кеча аввалида мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан Бобур Мирзонинг давлатчилик ва саркарда сифатидаги фаолияти, унинг Мовароуннаҳрни бирлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳамда Ҳиндистонда қудратли салтанат барпо этгани ҳақида атрофлича маълумот бердилар. Таъкидланганидек, Бобур 1526 йилдан бошлаб янги сулолага асос солиб, кейинчалик қарийб уч аср ҳукм сурган Бобурийлар давлатини барпо этган.

Тадбир давомида Бобурнинг адабий мероси ҳам кенг ёритилди. Хусусан, унинг жаҳон миқёсида машҳур бўлган асари — “Бобурнома” нафақат тарихий солнома, балки юксак бадиий қимматга эга асар экани қайд этилди. Унда муаллифнинг шахсий кечинмалари, давр воқеалари, табиат манзаралари ва инсон руҳияти маҳорат билан тасвирланган. Шунингдек, ғазал ва рубоийлари ҳамда “Мубаййин”, “Аруз рисоласи” каби асарлари унинг нозиктаъб шоир ва қомусий олим бўлганини намоён этади.

Кеча давомида ўқувчилар томонидан Бобур ғазалларидан намуналар, рубоийлар, саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқлар ижро этилди. Айниқса, Бобурнинг ҳаёти ва давлатчилик фаолиятига бағишланган саҳнавий чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир сўнгида сўзга чиққан меҳмонлар бундай адабий кечалар ёшларни миллий қадриятлар ва буюк аждодлар мероси руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

– “Бобурхонлик” кечаси шунчаки тадбир эмас, – дейди 7-сонли умумтаълим мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Жаҳонгир Боймуродов. – Бу ёш авлодни тарих ва адабий меросга қизиқтириш, Бобур ва Бобурийлар даврида яратилган бой маънавий ва маданий меросни англашга ундайдиган маънавий ва таълимий ҳаракатдир. 

Ғулом Примов, ЎзА