Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган “Бобуршуносликнинг янги уфқлари: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда юртимиздаги ва хорижлик бобуршунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Падаримни ютиб кетган жарда жоним қолди менинг,
Қалбим торин чертиб кетган ёрда жоним қолди менинг,
Қалам бирлан шамшир тутган ерда жоним қолди менинг,
Шаббобликда шабгир этган анда жоним қолди менинг,
Анда жоним олиб қолған Андижоним қолди менинг...
....
Бобурингман, фатво берган юртим ҳаргиз тарк этмайин,
Анда номим боқий этган Андижоним қолди менинг...
Тадбир аввалида 1983 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан Ўзбек миллий академик драма театрида “Юлдузли тунлар” асари асосида яратилган “Бобур” спектаклида Бобур сиймосини яратган Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев томонидан Бобурнинг юқоридаги шеърий мисралари ўқилди.
Устоз санъаткор Ёдгор Саъдиев юртимиз номини, Андижонни жаҳонга машҳур этган Бобур Мирзо номи шоҳ ва шоир, давлат арбоби, моҳир саркарда, инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган шахс сифатида асрлар оша одамлар қалбида яшашини таъкидлаб, Бобурнинг таваллуд куни муносабати билан ўтказилаётган анжуман ва адабиёт байрами билан барчани муборакбод этди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Давронбек Сатторов, Президент администрацияси вакили, профессор Саидхон Саидолимов ва бошқалар сўз чиқди. Унда мамлакатимизда кейинги йилларда халқимизнинг бой маданий мероси, айниқса, буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб алломалар томонидан яратилган нодир, бебаҳо илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти ҳақида таъкидланди. Қолаверса, халқимиз, ёш авлод маънавияти, маданиятини юксалтиришдаги ўрни ва роли ниҳоятда муҳим эканлигини таъкидлади.
Бобур сиймоси, унинг ижоди, илмий меросини тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирилди.
Шунингдек, анжуманда “Бобурнома” асари итальян тилига таржима қилиниб, чоп этилганлиги айтиб ўтилди. Иштирокчиларга ушбу китобнинг тақдимот тадбири ёритилган видеоролик намойиш этилди.
Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустамжон Мамасолиев фонд томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилдаги режалар хусусида маълумотлар берди.
– Ўтган йил давомида Бобур ҳаёти, фаолияти, ижоди ҳамда меросини тағиб этишга оид элликка яқин насрий, назмий ва таржима асарлар, шунингдек, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”нинг нашр этилганлиги фаолиятимиз самарасидир, – дейди Р.Мамасолиев. – Фондимиз кўмагида юртимиз ва жаҳоннинг етук бобуршунос олимлари иштирокида “Бобур энциклопедияси”ни яратиш устида қарийб 15 йилдан буён иш олиб борилади. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” яратилиб, бугунгача икки маротаба нашр қилинди. Яқин вақт ичида ушбу қомуснинг ўзбек тилидаги 3-нашри ҳамда унинг инглиз ва рус тилларига таржималари дунё юзини кўради.
Анжуманда Озарбайжон Миллий илмлар академияси профессори, халқаро Бобур жамоат фонди Озарбайжон бўлими раҳбари Алмаз Биннатованинг “Навоий ва Бобур”, Туркиянинг Гўзал санъатлар университети профессори Танжу Сейханнинг “Бобуршоҳ асарларида мурожаат усуллари”, профессор Ҳамидулла Болтабоевнинг “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”ни ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги янги нашрини амалга ошириш тамойиллари”, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Хосият Бекмирзаеванинг “Бобурнома” асарининг инглиз тилига таржимаси хусусида” ва бошқа қатор мавзулардаги маърузалар тингланди.
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Элмира Ҳазратқулованинг “Халқаро Бобуршунослик электрон платформасининг 2-босқич якуни бўйича тақдимоти ва платформанинг истиқболи” бўйича чиқишида ушбу платформа ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берди.
– Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг серқирра ижоди жуда катта тарихий ва илмий аҳамиятга эга, – дейди тадбир иштирокчиси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Фарид Усмон. – Айниқса, унинг шоҳ сифатида амалга оширган бунёдкорлик, илм-маърифат ривожига қўшган улкан ҳиссаси, шоир, ижодкор сифатида бутун дунёга маълум ва машҳурлиги ҳар бир юртдошимиз қалбини фахр-ифтихорга тўлдиради. Улуғ бобомизнинг адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид асарлари бизга тарихимиз ҳақида жуда кўп маълумотлар бериш билан бирга, ўша давр ёзма манбааларини ўрганишимизда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-21739]
Тадбирда Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия давлатларидан келган бобуршунос олимлар иштирок этиб, Бобур ҳаёти ижоди, унинг ижодий меросини ўрганиш ҳақида фикрлар билдирди.
Бобуршуносликнинг ютуқ ва муаммолари атрофлича муҳокама этилган, мазмунли ва самарали ўтган мазкур анжуман Бобур илмий-ижодий меросини ўрганиш, тадқиқ ҳамда тарғиб этиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари