English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бобурнома”нинг Итальян тилидаги нашри тақдимоти
20:34 / 2023-07-15

Андижонда “Бобурнома” асарининг итальян тилида чоп этилган нашри тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йилнинг 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида буюк шоҳ ва шоир Бобур мирзонинг ҳаёти, фаолияти, ижодини яна ҳам чуқур ва  кенг ўрганиш, тарғиб этиш, унинг ижоди ва ҳаётига оид янги манбааларни нашрдан чиқариш борасида  вазифалар белгилаб берилган.  

Қарор ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури асосида кенг кўламли ва амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Бобурнома”нинг итальян тилига таржима қилиниб, чоп этилиши ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.  

Бобур номли халқаро жамоат фондида бўлиб ўтган тақдимот тадбирида  бобуршунос, адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

[gallery-12797]

“Бобурнома”нинг итальян тилидаги нашри Италиянинг “Sandro Teti Editore” нашриёти томонидан нашр этилди.

Тадбирда китобни чоп этишга тайёрлашда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов, италиялик таниқли турколог, профессор Федерико Де Ренси илмий ва адабий муҳаррирлар сифатида катта ҳисса қўшганликлари алоҳида таъкидланди.  

“Бобурнома” асари Президентимизнинг сўзбошиси ҳамда атоқли итальян олими ва адиби Франко Кардинининг кириш сўзи билан бошланади, - дейди “Бобур” халқаро жамоат фонди раҳбари Зокиржон Машрабов. – Айниқса, сўзбошида улуғ аждодимиз Заҳриддин Бобурнинг Осиё цивилизацияси, жаҳон илм-фани тамаддунига қўшган ҳиссаси, илмий-ижодий меросининг аҳамияти ҳақида муҳим фикрлар баён этилган. Умуман, “Бобурнома” итальян тилига таржима қилиниб, чоп этилганлиги қалбимизга фахр-ифтихор туйғусини солади.

Шунингдек, тадбирда профессор Ҳамидулло Болтабоев, Андижон давлат университети ректори, профессор Акромжон Юлдашев, адабиётшунос олим Ваҳоб Раҳмон ва бошқалар томонидан асарнинг таржимаси, китобнинг безатилиши, ўзига хос жиҳатлари ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.  

Тақдимот тадбирини зоом алоқаси орқали Озарбайжон, Покистон, Ҳиндистон сингари қатор давлатларнинг бобуршунос олимлари ҳам кузатиб борди.  

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА