“Бобурнома” – ўзбек адабиётида дастлабки насрий мемуар, тарихий илмий асар. Эски ўзбек (чиғатой) тилида ёзилган. «Бобурия», «Воқеоти Бобур», «Воқеанома», «Тузуки Бобурий», «Табақоти Бобурий», «Таворихи Бобурий» каби номлар билан ҳам маълум. Бобурнинг ўзи эса «Вақое»ва «Тарих» деган номларни ишлатган.
«Бобурнома»да 1494-1529 йилларда Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистонда содир бўлган тарихий сиёсий воқеалар йилма-йил ўта аниқлик билан баён қилинган. «Бобурнома» ўзида баён қилинган воқеалар жараёнига кўра 3 қисмга: Бобурнинг Мовароуннаҳр (1494-1504), Афғонистон (1504-24) ва Ҳиндистон (1524- 30)даги ҳукмдорлик даврига бўлинади.
Биринчи қисмда Бобурнинг отаси Фарғона улуси ҳокими Умаршайх Мирзо (1461-94) ҳақида Бобурнинг Фарғона тахтига ўтириши (1494 й. июнь), Темурийлар давлатида авж олган тахт учун кураш оқибатида ўз улусидан маҳрум бўлиши (XV аср 90-йиллари), Самарқанд учун Шайбонийхонга қарши олиб борган жангу жадаллари (1497 - 1501)нинг беҳуда кетиши ва ниҳоят, тожу тахтдан бутунлай ажраб, Ҳисор тоғлари орқали тахминан 250 навкар билан Афғонистонга юз тутиши (1504) ҳақидаги воқеалар батафсил тасвирланган.
Иккинчи қисмда Бобурнинг Кобулни забт этгани, сўнг у ерда мустақил давлат тузгани (1508), Эрон шоҳи Исмоил Сафавийнинг ҳарбий ёрдами билан Самарқандни яна ишғол қилгани (1511), лекин шайбонийлар (Убайдулла Султон, Муҳаммад Темур Султон ва Жонибек Султон)дан енгилиб (1512), Кобулга қайтгани, кейин эса Ҳиндистонни забт этишга ҳозирлик кўра бошлагани баён этилган.
Учинчи қисм эса Бобурнинг Деҳли султони Иброҳим Лўдийни мағлуб этиб (Панипат жанглари), Шимолий Ҳиндистонни босиб олгани (1526) ва Бобурийлар давлатини барпо қилгани ҳақидаги маълумотлардан иборат. «Бобурномада»да келтирилган барча маълумотлар, хусусан Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Ҳисор, Чағониён ва Шимолий Афғонистоннинг XV аср 80-90-йиллари ва XVI аср I чорагидаги сиёсий аҳволига доир хабарлар ўзининг батафсиллиги билан шу хусусдаги бошқа адабиётлардан тубдан фарқ қилади.
«Бобурнома»да Темурийлар қўшинининг тузилиши, ҳарбий санъати ҳақида ҳам ноёб маълумотлар бор. Бундан ташқари, Мовароуннаҳр, Афғонистон, Хуросон ва Ҳиндистон ўтмиши ва замонавий ҳолати, халқлари, қабилалари, уларнинг тили, маданияти, касб-ҳунари, урф-одатлари, расм-русумлари, анъанавий тадбир-маросимлари, шунингдек, ўша давр жамиятига хос ижтимоий табақаларга тегишли маълумотлар баён этилади. Айниқса Фарғона, Андижон, Самарқанд, Кобул, Ҳирот, Агра каби йирик шаҳар вилоятларнинг жуғрофий-маъмурий тузилиши, маданий ҳаёти, туманлари, аҳолиси, қишлоқ хўжалиги, дарё ва сув ҳавзалари, чўл-адирлари, тоғ-саҳролари, боғу роғлари, табиати, иқлими, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси, табиий бойликлари ҳақида муфассал маълумотлар берилади.
«Бобурнома»да Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Шайхим Суҳайлий, Ҳусайн Али Туфайлий, Осафий, Биноий, Сайфий Бухорий, Оҳий, Муҳаммад Солиҳ каби ўнлаб ижодкорлар, Хожа Абдулло Марварий, Қул Муҳаммад Удий, Шайх Нойий, Юсуф Али, Мулло Ёрак, Шоҳқули Ғижжакий, Ҳусайн Удий, Беҳзод, Шоҳ Музаффар каби кўплаб санъаткорлар тавсиф этилиб, уларнинг ижодий фаолиятларига холис баҳо берилади.
«Бобурнома» XVI асрдан бошлаб ҳозиргача дунёнинг кўп тиллари — инглиз, голланд, француз, форс, немис, итальян, рус, ҳинд, урду ва бошқа тилларига бир неча марта таржима қилинди. Шарҳ изоҳлар билан нашр этилди. Англия, Америка, Франция, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Туркия, Япония каби ўнлаб мамлакат олимларининг илмий-тадкиқотларида «Бобурнома»нинг инсоният яратган ўлмас обидалар қаторида алоҳида ўринда туриши таъкидланади.
«Бобурнома»нинг жаҳонга машҳур бўлишида, асосан инглиз шарқшуносларининг хизмати катта бўлди. Европадагина эмас,балки жаҳонда биринчи тўлиқ нашрини(инглиз тилида) 1826 йилда Ж.Лейден ва В.Эрскин амалга оширди. Ф.Талбот эса мазкур нашр асосида 2 марта (1878, 1909) унинг қисқартирилган нашрларини чоп эттирди. 1921 йилда инглиз шарқшуноси А.Бевериж «Бобурнома»ни мустақил суратда асл нусхадан қайта таржима қилди. Биргина Англиянинг ўзида «Бобурнома» таржималари 9 марта нашр этилди. Кейинги йилларда «Бобурнома»нинг В.Такстон томонидан АҚШда ҳамда икки жилд ҳажмда, мукаммал сўзлик, кўрсаткич ва шарҳ-изоҳлар билан Японияда (Киото, 1995-96) илмий-танқидий матни нашр этилди. «Бобурнома» форсчага (1586), ундан парчалар Витсен томонидан голланд тилига (1705), А.Кейзер томонидан қисқартирилган ҳолда немис тилига (1828), Паве де Куртейл томонидан тўла ҳолда француз тилига (1871) таржима қилинган.
«Бобурнома»ни таржима қилиш ва тадқиқ этишда, шунингдек Афғонистон (Абдулхай Ҳабибий), Покистон (Рашид Ахтар Надвий, Шоҳ Олам Мавлиёт), Ҳиндистон (Мирзо Насриддин Ҳайдар, Муҳиббул Ҳасан Ризвий), Туркия (Р.Р.Арат ва Н.И.Баюр) каби мамлакатлар олимларининг хизмати ҳам катта. Рус шарқшунослари (Н.И.Пантусов, С.И.Поляков, В.Вяткин) ҳам «Бобурнома»дан парчаларни таржима қилганлар.
Н.И.Ильминский «Бобурнома»ни Қозонда нашр эттирди (1857). «Бобурнома» ҳамда Бобурнинг шеърий меросини ўрганишда ўзбекистонлик олимлар ҳам салмоқли ҳисса қўшдилар. Профессор Абдурауф Фитрат томонидан тузилган «Ўзбек адабиёти намуналари» рестоматиясида «Бобурнома»дан парчалар, Бобурнинг 31 ғазали, 2 маснавий ва 28 рубоийси берилган. М.Салье «Бобурнома»ни рус тилига тўла таржима қилиб, 3 марта (1958, 1982, 1993) нашр эттирди.
П.Шамсиев ва С.Мирзаевлар томонидан «Бобурнома»нинг икки жилдли (1948) ва бир жилдли (1960) нашри чоп этилди. 1956-66 йилларда Бобурнинг уч жилдли Танланган асарлари чоп этилиб, унга Бобурнинг шеърий девони (1 жилд) ва «Бобурнома» (2-3 жилдлар) кирган. Бобур ва унинг илмий меросини ўрганишга С.Азимжонова катта улуш қўшган. «Бобурнома»нинг М.Салье томонидан қилинган таржималари унинг батафсил сўз бошиси ва таҳрири остида нашр этилган.
Озода АКБАРОВА,
Ўзбекистон давлат жисмоний
тарбия ва спорт унивесритети
Ўзбек ва чет тиллари
кафедраси услубчиси
ЎзА