Андижонда ўзбек мумтоз адабиётининг забардаст вакили, буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, олим ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган адабий тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, бобуршунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида иштирокчилар томонидан Бобур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, улуғ шоир хотирасига эҳтиром кўрсатилди.
Тадбир очилишида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, озарбайжонлик бобуршунос Рамиз Аскер, туркиялик олим Билол Южел ва бошқалар сўзга чиқди. Мамлакатимизда кейинги йилларда халқимизнинг бой маданий мероси, айниқса, буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда бошқа кўплаб алломалар томонидан яратилган нодир, бебаҳо илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, илмий салоҳияти, инсоният тафаккурининг, халқимиз, ёш авлод маънавиятининг юксалтиришдаги ўрни ва роли муҳим эканлиги таъкидланди. Хусусан, Бобур ҳаёти, ижоди, ўлмас асарлари, бобурийларнинг Ҳиндистон тараққиётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта эканлиги алоҳида қайд этилди.
- Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий-ижодий мероси бебаҳо хазина, жуда катта тарихий ва илмий аҳамиятга эга, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, шоир Минҳожиддин Ҳожиматов. - Айниқса, унинг шоҳ сифатида амалга оширган бунёдкорлик, илм-маърифат ривожига қўшган улкан ҳиссаси, шоир, ижодкор сифатида бутун дунёга маълум ва машҳурлиги ҳар бир юртдошимиз қалбига фахр тўлдиради.
Бобур - қомусий олим. Улуғ бобомизнинг адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид асарлари бизга тарихимиз ҳақида жуда кўп маълумотлар бериш билан бирга, ўша давр ёзма манбаларини ўрганишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда Ҳиндистон, Афғонистон, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан келган бобуршунос олимлар иштирок этди. Бобур ҳаёти, ижодини ўрганиш, унинг ижодий меросининг аҳамияти ҳақида фикр билдирилди.
[gallery-10563]
- Бобур ва бобурийлар сулоласи қайси юртни босиб олмасин, ўша юрт халқининг дини, урф-одат ва анъаналарига ҳурмат билан қараган, - дейди Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият маркази ходими Ситеш Кумар. – Шу боис ҳам нафақат Ҳиндистонда, балки Бобурийлар салтанати таркибига кирган барча мамлакатларда Бобур оқил, доно ва адолатли подшо сифатида ҳурмат қозонган. Умуман, бобуршунослар олдида шоҳ Бобурнинг ана шу жиҳатларини янада чуқур ўрганиш, кенг жамоатчиликка етказиш борасида тадқиқотлар олиб бориш вазифаси турибди.
Тадбирда санъаткорлар томонидан Бобур ҳаётига оид саҳна кўринишлари намойиш этилиб, ёшлар ғазалларидан намуналар ўқиди.
Тадбир янги Андижон шаҳрида юртимиз ва хорижлик бобуршунос олимлар иштирокида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётдаги ўрни” мавзусидаги халқаро анжуман доирасида давом этмоқда.
З.М.Бобур таваллудига бағишланган бу каби тадбирлар вилоятдаги меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА