“Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Ватандош билан суҳбат” лойиҳаси доирасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан навбатдаги онлайн мулоқот ташкил этилди.
Унда Жавоҳарлал Неру университети докторанти, тарихчи Музаффар Ҳақбердиев лойиҳа меҳмони сифатида иштирок этди. Шунингдек, партия вакиллари, ёшлар ва хотин-қизлар қатнашди.

Ёш олим Бобур шахси ва унинг маънавий, илмий мероси ҳамда Бобурийлар авлодининг Ҳиндистон тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида маълумотлар берди. Сулола бу юртда илм-фан, маданият ва санъат ривожида муҳим ўринга эга бўлганини таъкидлади. Айниқса, Бобурийлардан қолган бетакрор тарихий иншоотлар бугун Ҳиндистонда туризм тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Биргина Тож Маҳалдан тушадиган бир кунлик маблағ аграликларнинг бир ойлик даромадига тенг бўлиши айтилади.


Учрашувда Ўзбекистон — Ҳиндистон муносабатлари тарихи ва бугуни, таълим тизими, ҳинд ёшлари ҳаёти каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Иштирокчи ёшларнинг бу борадаги саволларига жавоб қайтарилди.
М.Комилова, ЎзА