Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бобур юрган йўлларда...” номли анжуман ўтказилди
15:31 / 2026-02-12

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида буюк саркарда, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишланган “Бобур юрган йўлларда...” номли адабий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Мазкур анжуманга мумтоз адабиётимиз ихлосмандлари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, маънавият тарғиботчилари  таклиф этилди.  

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директорининг ўринбосари Насиба Холдорова, таниқли шоира Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, устоз ижодкорлар, академик Абдулла Аъзам, Шаҳодат Исахонова ва бошқалар Бобур меросининг аҳамияти Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, маданияти ҳамда адабиёти учун беқиёс қадр-қимматга эга эканини эътироф этди.

Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда уч асрдан ортиқ ҳукмронлик қилган қудратли Бобурийлар салтанатига асос солган. Унинг ҳарбий стратегиялари ва янги усуллар, масалан, ўқотар қуролларни қўллаши ҳарбий тарихда муҳим ўрин тутади.

Бобур давлат бошқарувида халқларнинг дини, урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат билан ёндашган. Бу эса Ҳиндистоннинг маданий ва сиёсий ривожига улкан таъсир кўрсатган.  

–Буюк шоир бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома" асари унинг ҳаёти, бошидан кечирган оғир кунлари,  қарашлари ҳақида ҳикоя қилиши билан бирга, тарих, этнография, география ва бошқа йўналишларда кўплаб қизиқарли маълумотларни ҳам ўқувчига тақдим этади, – деди таниқли шоира Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи.– Бобурнинг гўзал ва бетакрор бадииятга йўғрилган шеърияти ҳамон дунё адабиёт мухлислари эътиборини ўзига жалб этмоқда.  

Дарҳақиқат, “Бобурнома” асари жаҳон тарихшунослиги, географияси, этнографияси ва адабиётшунослиги учун муҳим манба бўлиб, 31 дан ортиқ тилга таржима қилинган. Бобурнинг ўзбек тилидаги шеърий мероси, жумладан ғазаллари, бутун туркий халқлар маънавий маданияти ривожида алоҳида ўрин тутади.  

Анжуманда Бобурнинг ҳаёти, ижоди, у босиб ўтган йўллар, асарларининг тарихий, тарбиявий аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.

Н.Усмонова, ЎзА мухбири