Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида буюк шоир бобокалонимиз, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Унга турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқитувчилар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, ёзувчи ва шоирлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк зотлар бизнинг аждодларимиз эканида Яратганнинг ўзига хос ҳикмати борлигини таъкидлади.
–Бутун дунёда баҳор биринчи мартдан бошланса, Ўзбекистонда февралдан бошланади, – деди Минҳожиддин Мирзо. – Чунки баҳорни бошлаб келувчи бу ойда Навоий ҳамда Бобур каби бобокалонларимиз таваллуд топганлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур умр бўйи Ватан соғинчи билан ўтган буюк қалб соҳибидир. У ўз қалби, салоҳияти билан икки улкан салтанатни тиклади. Бири жаҳонда 300 йилдан ортиқ вақт давомида ҳукм сурган Бобурийлар салтанати бўлса, иккинчиси адабиёт билан, бетакрор бадииятли шеърияти билан тиклаган мангу ижод салтанатидир. Бу шеърият салтанати ҳозир ҳам миллионлаб мухлисларнинг қалбини забт этмоқда.
[gallery-21741]
Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда бунёд этилган Адиблар хиёбони бугунги кунда дунё олимлари келиб зиёрат қиладиган табаррук масканга айланди. Унда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг муҳташам ҳайкали қад ростлаб тургани эътиборлидир. Шоир ижодда, сўз айтишда ҳеч қачон ростлик мақомидан чекинмаган, ўз изтиробларини мардлик билан қаламга олган ижодкордир. Бобур дунёдаги кўплаб элларни забт этган подшолардан тубдан фарқ қилади. У ўзга юртларни ўзининг олижаноблиги, мардлиги, адолати, бағрикенглиги, саховатпешалиги билан забт этди. Ўша ерларни гулистонга, бўстонга айлантирди. Тожмаҳалдек мангу обидаларни кўрганда, уларда бобурийларнинг қалби, руҳи мужассам эканини яна бир карра англаймиз. Бу қалб, бу руҳ Ўзбекистонга тааллуқлидир.
–Бобур дунё тарихи, адабиёти, маданиятида ҳам ўчмас из қолдирган шахсдир, – деди Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Икромжон Маҳмудов.– Унинг ижоди ўлароқ, дунёда бобуршуносликка асос солинди. Бобур ижоди АҚШ, Буюк Британия, Франция, Япония, Туркия, Озарбайжон олимлари томонидан тадқиқ этилмоқда. Университетимизда Бобур меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Шоир номидаги махсус стипендия ва кўкрак нишони таъсис этилган. Бобурномага оид тадқиқотлар фаол олиб борилмоқда. Халқаро анжуманлар ташкил этилиб, бадиий фильмлар суратга олинмоқда.
–Бобур ижодида юртимиз баҳори беқиёс, энг гўзал фасл сифатида таърифланади, – деди Ички ишлар вазирлиги академияси профессори, тарих фанлари доктори Даврон Раззоқов. – Унинг ижоди адабиётни, инсонни, Ватанни англашда жуда катта аҳамиятга эга.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, атоқли шоира Фарида Афрўз Бобур ижоди, фаолиятида аёлларга ҳурмат ва эҳтиром, меҳр, садоқат, яхшиликка даъват устувор ўрин эгаллашини алоҳида эътироф этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Ички ишлар вазирлиги академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари иштирокидаги адабий-бадиий дастур намойиш этилди. Китоблар, бадиий асарлар кўргазмаси ташкил этилди.
Шоир бобомиз ғазалларидан намуналар ўқилди. Унинг ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Адиблар хиёбонидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига бағишланган мушоиралар, ғазалхонлик байрамлари, адабий гурунглар кун бўйи давом этади.
Назокат Усмонова,
Рустам Назарматов (сурат),
ЎзА