Жаҳон мумтоз адабиётида буюк бобокалонимиз, шоир ва саркарда, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур юксак мавқе ва мақомни эгаллаб турибди, десак муболаға бўлмайди.
Ижодда ҳам ғоят ростгўй, беаёв, айни пайтда нафис ва гўзал бадиият соҳиби бўлган Бобур дунё олимлари, адабиётшунослари, шарқшунослари тадқиқотларида алоҳида ўрин эгаллайди.
Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Зулхумор Холманова билан шоир бобомиз ижоди хусусида суҳбатлашдик.
- Зулхумор опа, жаҳон адабиётида буюк бобокалонимиз, давлат ва жамоат арбоби шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўрни қандай?
– Республикамизда, қардошларимиз заминида буюк аждодларимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурларнинг таваллуд саналари кенг нишонланмоқда. Миллатимизга, бутун инсониятга маънавият, маърифат байрамлари қутлуғ бўлсин!

Заҳириддин Муҳаммад Бобур – жаҳон маданиятида, ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган шахс. Бобур шахсияти Яратганнинг буюк неъматидир! Дунёи азал яралганидан буён не-не буюк зотларни кўрди. Бирда ҳукмдор ҳарбий куч-қудрати билан оламга довруғ солди, бирда саркарда дунёга донг таратди. Бирда ижодкор санъат асарлари, буюк мутафаккир тафаккур маҳсуллари сабаб дунё илм аҳлининг онгу шууридан жой олди. Лекин ҳукмдор қудрати, саркарда маҳорати, ижодкор сийрати, мутафаккир зеҳни, закийлигининг бир шахсиятда мужассам бўлиши камдан кам учрайдиган санъатдир. Бобур ҳукмдорлик, саркардалик, шоирлик ва мутафаккирлик фазилатлари билан сийланган, инсоний фазилатларни сурати ва сийратига сингдирган алоҳида қобилият ва иқтидор соҳибидир. Унинг ҳаёти, умри ҳам ўзгача кечди. Қисмат қадамларини “ҳар сориға” сочиб, саргардон саргашта этди. Икки рамазон ийдини бир ерда қилмаслик унга тақдир бўлди.
Бобурни, даставвал, ҳукмдор сифатида танидилар, билдилар, унга қуллуқ қилдилар. Кези келганда рад этдилар ва қарши курашдилар. У моҳир саркарда эди. Қўшин бошқариш, уни жангга даъват этиш ва ғалабага ундаш бобида етук эди. Теран идрок соҳиби эди, унинг тафаккур қудрати илмий қарашлари, фалсафий мушоҳадаларида бўй кўрсатиб туради.
Бобур, энг аввало, буюк ижодкор, сўз қудратини англаган ва бутун борлиғини, ҳаётини сўзга жо айлаган бадиий маҳорат соҳибидир. У тарихда қолиш учун, воқеликни шунчаки баён қилмоқ учун ёзмади. Бобур асарлари кўнгил ва тафаккур ҳукмини зоҳир этиш эҳтиёжи ўлароқ юзага чиқди.

Бобур ижодига қизғин эътибор унинг бетакрор шахсияти, воқеликни ҳаққоний чизгиларда тасвирлаши, воқеа-ҳодисани рўй-рост баён этиши, ҳарбий маҳорати, руҳиятининг бойлиги, тилининг соддалиги, тасвир кўламининг кенглиги билан изоҳланади. Бобур шуҳратининг яна бир омили унинг рангин қаламида, сўз бадииятини чуқур англагани ва ундан маҳорат билан фойдалана олганидадир. У тил моҳиятини чуқур англаган мусаввир сифатида олам, борлиқ, воқеликнинг ҳаққоний, таъсирчан лисоний манзарасини яратди. Бу манзара ҳақиқатнинг ўзидан ҳам ёрқин, жозибадор, образли тасвир ва теран мазмун касб этди.
Бобурнинг ҳаёти каби ижоди ҳам ўзига хос. У нодир мемуар жанрининг тенгсиз ва бетакрор намунасини яратди. Унинг шахсияти кейинги авлодларга ибрат намунаси бўлганидек, асарлари ҳам бир қатор ижод силсиласига манба сифатида хизмат қилди. “Шажараи турк”, “Ўтган кунлар”, “Бобурийнома”, “Ялдо кечаси”даги уйғун ифода услуби, шеър ҳамоҳанглигидаги наср “Бобурнома”нинг ҳайрат изларидир. Бобур “Бобурнома”си билан ҳам мемуар жанрга, ҳам насрий тазмин асарларга асос солди. Унинг ҳасби ҳолга асосланган ҳазин шеърияти кўнгилларга селдай оқиб киради. Тафаккур неча қилсам топилмас сенинг мислинг (Мислинг сенинг топилмас қилсам неча тафаккур) каби маснуъ санъатига асосланган (ўнгдан ва чапдан ўқилганда бир хил) мисралар, ғазали мусажжаъ санъатининг мукаммал намуналари шоир шеъриятининг нафақат мазмун жиҳатидан, балки ифода усулига кўра ҳам бетакрорлигини кўрсатади.
– Устоз, бугунги кунда баъзан Шайбонийхон ҳақида бадиий асарлар пайдо бўлаётган ёки ижтимоий тармоқларда унинг тарих олдидаги хизматлари улуғланаётгандек бир жараён Бобурдек улуғ бобокалонимиз ижоди, фаолиятига соя ташламайдими? Шу ҳақда Сизнинг фикрларингизни билмоқчи эдик?
– Шайбонийхон ҳам бизнинг тарихимиз. Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” тарихий достони реалистик асар намунаси сифатида қаралади. Шоир ҳукмдор фаолиятини бевосита кузатиб, бадиий тарзда акс эттирган.
Шайбонийхон ҳақида Пўлкан шоир куйлаган, фольклоршунос олим Ҳоди Зарипов томонидан ёзиб олинган, 1928 йилда араб ёзувида нашр этилган “Шайбонийхон” достони ҳам мавжуд. Бу достоннинг кирилл ёзувидаги нашрини кўрмадим. Достонда Шайбонийхон ижобий муносабат асосида тавсифланган. Номзодлик диссертациям шу асарнинг тил хусусиятларига бағишланган.
Бобур ва Шайбонийхон бир даврнинг фарзандлари сифатида рақобатда бўлдилар. Самарқанд асосий зиддият нуқтаси бўлиб, ҳар икки ҳукмдор манфаатлари тўқнашувининг бош сабаби эди.
Бобур Шайбонийхон (баъзи ўринларда “Шайбоқхон” деб келтиради) ҳақида ёзар экан, деярли холис муносабатда бўлади. Бир ўринда унинг Хожа Яҳё ва ўғилларига Хуросон сари рухсат бергани, “кейинидин бир неча ўзбак бориб, ҳазрати Хожани икки йигит ўғли била Хожа Кордзан навоҳисида шаҳид” қилганлари, Шайбонийхон “Хожанинг иши мендин эмас эди, Қанбарбий ва Кўпакбий қилдилар” дегани ҳақида ёзган. Бобур “масал борким: “Узраш батар аз гуноҳ” (Узри гуноҳидан ёмонроқ). Мундоқ ишларни беклар ўз боши била хонидин ва подшоҳидин бевуқуф қила бошласа, бас хонлиғиға ва подшоҳлиғиға не эътибор?” дейиш билан кўнглидагини маълум қилади. Қатъий ҳукм айтмайди.
Кези келганда Шайбонийхоннинг куч-қудратини эътироф этади: “Мен Самарқандни олғонда, ўн тўққуз ёшта эдим. Не кўп иш кўруб эдим, не тажриба бўлуб эди. Иккинчи буким, менинг ғанимим Шайбоқхондек пуртажриба ва кўп иш кўрган ва улуғ ёшлиқ киши эди”.
Шайбонийхон ҳам ижодкор бўлган. Девон тузган. Ижодкор кўнгил измига бўйсунади. Кўнгил кишилари бўлган ҳукмдорларнинг эса, албатта, инсоний фазилатларга ҳам эга бўлиши, шубҳасиз.
Шайбонийхоннинг тарих олдидаги хизматларини улуғлаш Бобур шуҳратига соя солади, деб ўйламайман. Бу икки ҳукмдорни муҳокама қилиш, уларни ўзаро қиёслаб, муҳокама қилиш, айниқса, ҳозирги замон нуқтаи назаридан баҳо бериш тўғри бўлмайди. Уларнинг тарих, халқ, миллат тараққиётидаги хизматларини ўз ўзанида таҳлил қилган маъқул. Бу ҳукмдорлар ўз даврининг фарзандларидир. Бошқача йўл тутишнинг имкони бўлмаган вазиятларни ҳам эътиборга олмоқ даркор. Уларга берилган баҳо шу даврларда яратилган тарихий манбаларда қайд этилган фикр-мулоҳазаларда ўз ифодасини топган. Бу фикрларда ҳам бир қадар нисбийлик бор. Физикадаги нисбийлик назарияси ҳаётнинг азалий қонуниятларидан биридир. Қолаверса, аждодлар ҳақида ҳукм қилиш, уларни яхши ва ёмонга ажратиш ҳам тўғри эмас. Ҳар тўкисда – бир айб. Тарихни муҳокама қилиш керак эмас, балки ҳозирги кун учун ибрат бўлган жиҳатларга диққат қаратмоқ лозим. Диний манбалар ҳам ўтганларни ҳамиша яхши амаллари, фазилатлари билан тилга олишга даъват этади.
– Яқинда Ёзувчилар уюшмасида Бобур асарларини ўрганиш бўйича луғат тақдимоти ўтказилди. Баъзан “аждодларимиз асарларини луғат билан ўқиш даражасига етиб келдикми?” деган савол ҳам туғилиши мумкинки, бу ҳақда олимларимизнинг фикрларини билиш биз учун қимматлидир.
– “Бобур асарлари луғати” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифага кўра амалга оширилди. “Бобурнома”нинг ҳозирги ўзбек тилига табдили ҳам амалга оширилган. Бу нашр асарни кенг миқёсда оммалаштиришга қаратилган. Шуниси ҳам борки, “Бобурнома”ни аслиятда ўқиш китобхонга Бобур руҳиятини тақдим этади. Луғат аслият матнини тушунишга, шунингдек, ҳозирги кунга қадар истеъмолдан чиқиб кетган архаик бирликларни изоҳлашга ёрдам беради. Қолаверса, Бобур тафаккурида маромига етиб, борлиқ, олам, кишилик жамияти ҳақидаги мушоҳадалар билан йўғрилиб, нутқда алоҳида салмоқ билан намоён бўлган сўзларнинг маъно хазинаси билан таништиради.
Ўзбек тилининг тарихий тараққиётида ҳам ёзув масаласида, ҳам луғат бойлиги борасида кўп ўзгаришлар бўлган. Тил жамиятга хизмат қилади, ўз навбатида, жамият ҳам тил тараққиётига масъулдир. Қайсики жамият ўзи фойдаланаётган она тили тақдирига бефарқ бўлса, уни йўқотиши аниқ. Маълум бир даврда халқаро илм-фан тили сифатида ривож топган лотин тилининг тақдири бунга мисол. Ўзбек тилини ўрганаётган хитойлик талабанинг “Ҳозирги ёшларимиз XI асрда ёзилган иероглифларни ўқий олади” деган гапларини эшитиб, сўзсиз қоламан. XI асрда яратилган “Қутадғу билиг”, “Девону луғотит турк”ни ҳозирги авлод ўқиб тушуниши қийин. Филология йўналишидаги талабалар айрим ўринларини англайди, чунки улар шу манбаларни ўрганадилар, таҳлил қиладилар. Бошқа йўналишдаги мутахассисларнинг тушуниши амри маҳол. Чунки ўзбек тили луғат бойлигида кўп ўзгаришлар бўлди. Четдан кўплаб сўзлар ўзлашди. Арабча ва форс-тожикча сўзларни назарда тутмаяпман. Бу тиллардан кирган сўзларга кўп йиллик семантик тараққиёт натижасида ўзбек тилига хос маънолар сингдирилган. Улар ўз қатлам сўзларига айланган. Русча-байналмилал сўзлар қарийб бир аср давомида ўзбек адабий тили таркибида кенг ёйилди ва фаоллашди. Қардош туркий тиллар, хусусан, турк, туркман, қозоқ тилларига қиёслаганда кўпгина сўзларни бой берганимиз маълум бўлади. Бу сўзларнинг кўпи шеваларда сақланиб қолган. Лекин адабий тил туркий сўзларни бой берганидек, бу сўзлар шеваларда ҳам нофаол луғатга айланиб бормоқда. XX аср бошларидаги бир қатор сўзлар ҳозирги адабий тилда қўлланмайди. Шу тарзда давом этадиган бўлса, чорак асрдан кейин ҳозирги даврда яратилган манбаларни ҳам луғат билан ўқишга тўғри келади.
Ўзбек тили луғат фондини назорат қилиш, уни туркий сўзлар ва ички имкониятлар ҳисобига бойитиш зарур. Ўзбек тилининг тарихий босқичлари, қадимги, эски туркий тил, эски ўзбек адабий тили даври тил хусусиятларини кенг доирада ўқитиш, оммалаштириш, ўқув режаларига киритиш зарур. Туркияда ўзбек тили тарихий босқичларининг, Оксфорд университетида ўзбек тили тарихининг ўқитилиши биз учун ибратдир.
Ўзбек тилининг миллий корпусини яратиш, уни замонавий матнлар билан бир қаторда, архаик бирликлар билан бойитиш, бу борада жаҳон тажрибасига асосланиш давр тақозосидир.
Она тили – улуғ қадрият. Ўзбек тилининг сўз бойлиги, бутун имкониятлари ва жозибасини сақлаб қолиш, кейинги авлодга тўкис етказиш миллат ва аждодлар олдидаги муқаддас бурчимиздир.
– Ғоят мазмунли ва самимий суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.