Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бобур Қўзиев: “Параосиё ўйинларига тайёрмиз”
09:40 / 2023-09-12

Жорий йилнинг 7-10 сентябрь кунлари Ливаннинг Байрут шаҳрида пара таэквондо бўйича Осиё очиқ чемпионатида пара таэквондочиларимиз 3 тадан олтин ва кумуш ҳамда 5 та бронза, жами 11 медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 22 давлат орасида иккинчи ўринни эгаллади.

Ушбу мусобақада терма жамоамиз мураббийи Бобур Қўзиев мусобақанинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилиб, махсус кубок билан тақдирланди.

Мамлакатимизда ёшларни спорт билан шуғулланиши ва юксак марраларни забт этишида спорт мураббийларининг ўрни беқиёс. Сўнгги йилларда юртимизда паралимпия ҳаракатига қаратилаётган улкан эътибор самарасида жисмоний имконияти чекланган инсонлар спорт билан шуғулланмоқда ва ўзлари танлаган спорт турлари бўйича юксак марраларни эгалламоқда. Пара таэквондочиларимиз қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Параосиё ҳамда Паралимпия ўйинларида эришаётган ютуқлар сони йил сайин ортиб бормоқда.

Пара таэквондони янада оммалаштириш, эришилаётган ютуқлар, галдаги вазифалар хусусида пара таэквондо бўйича терма жамоа бош мураббийи Бобур Қўзиев билан суҳбатлашдик.

– Юртимизда пара таэквондо қандай оммалашмоқда ва ушбу спорт тури бўйича мураббийлар фаолияти қандай?

 Барча паралимпия спорт турлари каби пара таэквондо бўйича мамлакатимизда шуғулланувчилар сони йил сайин ортиб бормоқда. Ҳозирда республикамизнинг ҳар бир ҳудудида алоҳида бўлинмалар ташкил қилинган бўлиб, у ерда мураббийлар ушбу йўналиш бўйича малакалари оширилади. Малака ошириш мобайнида мураббийлар пара таэквондога мос келадиган категориялар, уларни шуғуллантириш бўйича етарли кўникмага эга бўлади ва уларга лицензия берилади. Улар лицензия олгандан сўнг мураббий сифатида ўз фаолиятларини олиб борадилар.

– Селекция ва терма жамоага пара таэквондочиларни саралаш қандай амалга оширилади?

 Бугунги кунга келиб мамлакатимизда юздан ортиқ мураббийлар бор. Селекция жараёнларида биринчи навбатда мураббийлар ўз ҳудудидаги мактаб ва маҳаллаларга бориб, пара таэквондога мос келадиган ёшларни аниқлайди. Улар рўйхатдан ўтказилиб, сараланган ёшлар пара таэквондо бўйича машғулотларга қатнайди. Мураббийларнинг тавсияларига кўра ҳар йили мамлакат чемпионатида қатнашиб, 1,2,3-ўринни олган паралимпиячилар терма жамоага таклиф қилинади ва улар орасидан энг яхшилари термада қолади. Бу тизим албатта шаффоф ва очиқ тарзда ўтади.

– Пара таэквондочиларимиз эришаётган натижалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

– Ҳозирда пара таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 102 давлат орасида 3-поғонада бормоқда. Шогирдларим ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсам, Гулжаной Наимова, Зиёда Исоқова, Асад Тоштемиров, Зуҳриддин Тоҳиров, Қудрат Ҳайдаров, Жавоҳир Алиқулов, Санжар Мухторов. Кудратилло Суннатов, Асил Гусанов, Қудрат Муҳаммадиев каби таэквондочиларимиз жаҳон рейтингининг юқори поғоналарида бормоқда. Улар иштирок этаётган мусобақаларда доимо совринли ўринларни қайд этиб келмоқда. Ҳозирда Параосиё ва Паралимпия ўйинларида шоҳсупага кўтарилишдек буюк мақсад қўйишган. Умид қиламизки, улар ўз мақсадига эришади.

– Пара таэквондочиларимизнинг эришаётган ютуқларига дунё ҳавас қилмоқда. Бироқ, ҳар бир ғалаба ортида юқори тайёргарлик ётади. Шу сабабли, Параосиё ўйинларига тайёргарлик қандай кечмоқда?

–Айни дамда Параосиё ўйинларининг 10 та лицензияси мавжуд. Ушбу йўлланмаларнинг 5 таси рейтинг орқали ва яна 5 таси 2022 йил БАА мезбонлигида ўтган саралаш Осиё чемпионатида қўлга киритилган. Ҳозирда йўлланмага эга бўлган спортчиларимиз алоҳида шуғулланмоқда. Ўйлайманки, Параосиё ўйинларига тайёрмиз.

Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси томонидан етарлича шароитлар яратилмоқда. Миллий терма жамоа учун Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида спорт-соғломлаштириш лагери база қилиб берилди. У ерда ташкил этиладиган ҳар бир йиғин учун қўмита томонидан керакли бўлган спорт анжомлари узлуксиз етказилмоқда. Шунингдек, чет давлатлардаги ҳар бир мусобақа ва ўқув-машғулот йиғинларига чиқиш ҳеч бир муаммосиз амалга оширилмоқда. Яна шуни таъкидлаб ўтишим жоизки, мамлакатимиз ҳудудларида Паралимпия қўмитасининг бўлинмалари фаолият кўрсатмоқда ва у ердаги мураббий-спортчиларимиз шароитлар муҳайё. Бу учун мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Жавоҳир Тошхўжаев, 

ЎзА мухбири