Республика касбий кўникмалар маркази анжуманлар залида шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан “Сўх — Бобур нигоҳида” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Бундай анжуманлар нафақат тарихий санага бағишланган тадбир, балки миллат маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим маърифий майдондир. Айниқса, Бобурдек буюк сиймоларнинг ҳаёти ва меросини чуқур ўрганиш бугунги авлод учун ибрат мактаби экани билан аҳамиятлидир.

Анжуманда Турон фанлар академияси олимлари, Ҳиндистон, Тожикистон ва Қирғиз республикалари элчихоналари вакиллари, Ички ишлар вазирлиги ҳамда матбуот ва ахборот соҳаси ходимлари иштирок этди.

Мазкур анжуманни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тақдир тақозоси билан Фарғона вилоятининг Сўх туманида 11 ой яшагани, шунингдек, Сўх ҳақида ўзининг машҳур “Бобурнома” асарида қимматли маълумот ва таассуротларни қайд этганини илмий жиҳатдан ёритишдан иборат бўлди.

Ушбу маълумотлар бугунги кунда Сўх тарихини ўрганишда муҳим ўрта аср манбаларидан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА