French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бобур мероси асрлар оша мангу яшайди
15:04 / 2026-02-14

Мамлакатимизда кейинги йилларда халқимизнинг бой маданий мероси, бетакрор археологик ва тарихий ёдгорликлар, миллий қадриятларни, айниқса, жаҳон илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимиз шахсини улуғлаш, илмий меросини, улар қолдирган бебаҳо ёзма манбаларни ўрганиш ва тарихий аҳамиятини жаҳон жамоатчилиги эътиборига кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бу борада 1992 йилдан буён фаолият юритаётган Бобур номидаги халқаро жамоат фонди томонидан эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида Андижонда Боғи Бобур мажмуаси ҳамда Бобур Мирзонинг рамзий мақбараси барпо этилди. “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи ташкил этилди. Бундан ташқари, Бобур ва бобурийлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб этиш бўйича юртимизда, қатор хорижий давлатларда жуда кўп тадбирлар, халқаро анжуманлар ўтказилди, янги янги китоблар нашр этилди, ҳужжатли фильмлар яратилди.  Бобур халқаро мукофоти, “Бобур ва дунё” журнали таъсис этилди.

Фонднинг Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Миср, Туркия, Россия, Америка Қўшма Штатлари, Канада, Япония давлатларида жамоатчилик асосида фаолият олиб борувчи бўлимлари ташкил этилди.

– Бобур халқаро илмий экспедицияси Бобур изидан 40 дан зиёд мамлакат бўйлаб илмий сафарлар уюштирди. Натижада кўплаб янги-янги манбалар топилди, Андижонга олиб келиниб, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейидан ўрин олди. Ҳозирда музейдан 1,5 мингга яқин  ноёб қўлёзма асарлар, нодир китоблар, қимматли манбалар жой олган. Жумладан, “Бобурнома”нинг Ҳайдаробод нусхаси, Бобур Мирзо кашф этган алифбо – “Хатти Бобурий”да кўчирилган Қуръони карим нусхаси, “Бобур куллиёти”нинг Эрон нусхасидан кўчирма ҳамда “Бобурнома”нинг турли тилларга таржима қилинган 20 дан ортиқ нусхаси сақланмоқда, – дейди Бобур номли халқаро жамоат фонди раҳбари ўринбосари Рустамжон Мамасолиев.

Кейинги йилларда фонд кўмагида “Бобурнома” бир неча марта қайта нашр қилинди. Ушбу асарнинг кирил ва лотин алифболардаги табдили, шунингдек, Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий” асари форс тилидан таржима қилиниб чоп этилди. Бобуршоҳ ва Хумоюн Мирзонинг ҳаёти ва фаолияти баён этилган Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” асари, турли тилларда яратилган “Гулбадан”, “Андижон шаҳзодаси”, “Бобур – йўлбарс”, “XVI-аср бунёдкори” номли китоблар ўзбек тилига таржима қилинди.

Фонд ташаббуси билан Бобур ва бобурийлар, қолаверса, заминимизда туғилиб, тақдир тақозоси билан дунёнинг турли жойларида умргузаронлик қилган буюк аждодларимиз яратган бебаҳо ва ноёб асарлар намуналари Ватанимизга қайтарилганлиги, аввало, кўҳна тарихимизни янада чуқур ўрганишга хизмат қилади, қолаверса, ёш авлод қалбида улуғ аждодларимиздан фахрланиш, ифтихор туйғуларини мустаҳкамлайди.

Бобур халқаро илмий экспедиция томонидан ҳозирда Афғонистон, Ҳиндистон, Туркия, Ироқ, Эрон давлатларида бўлган Абу Али ибн Сино, Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Лутфий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Алишер Навоий, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб, Худоёрхон сингари улуғ зотлар мангу қўним топган масканлар зиёрат қилинди. Хусусан, Афғонистоннинг Дашти Деҳиканор қишлоғидаги йўқолиб кетиш арафасига келиб қолган мавлоно Лутфийнинг мақбараси қайта тикланди. Хирот шаҳрининг Мусалло майдонидаги Алишер Навоийнинг қабр-мақбараси халқимизнинг миллий меъморчилиги услубида янгитдан бунёд этилди, унинг атрофида боғ яратилди. Камолиддин Беҳзоднинг қабр-мақбараси таъмирланиб, ободонлаштирилди.

– Кейинги йилларда юртимизда буюк тарихий шахслар меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди, – дейди Бобур номли халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Ҳолидахон Шамсиева. – Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсияти ва ижодий меросини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, бобуршунослик фанини янги босқичга олиб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган 2025 йилда фонд томонидан эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Бобуршуносликнинг янги уфқлари: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро анжуман ташкил этилди. Анжуман доирасида Бобур подшоҳ ва Бобурийлар ҳаёти ва фаолиятига доир чоп этилган янги китоблар тақдимотлари ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги буюртмасига асосан, ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Йўлбарснинг туғилиши” номли ҳикояси мотиви асосида Жамоат хавфсизлиги университети билан ҳамкорликда суратга олинган қисқа метражли тарихий-бадиий фильмнинг намойишлари ташил этилди.

“Бобур ойлиги” доирасида Андижон вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси билан ҳамкорлигида “Бобур ҳаёти ва ижоди” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди. Анжуманда бир қатор давлат, жамоат арбоблари, юртимиз ва хорижий давлатларда фаолият олиб бораётган бобуршунос олимлар, ёзувчи ҳамда шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Халқаро бобуршунослик илмий электрон платформаси яратилиб, ишга туширилганлиги шубҳасиз, бобуршунослик ривожига салмоқли ҳисса қўшади. Платформада жаҳон ва Ўзбекистон олимлари томонидан амалга оширилган тадқиқотлар, мақолалар ва илми ишланмалар ўзбек, рус ва инглиз тилларида жамланди. www.baburid.uz домени остида яратилган платформа бобуршунослик фанини рақамлаштириш халқаро илмий мулоқотни мустаҳкамлаш имконини бермоқда.

Таниқли бобуршунос олим Ваҳоб Раҳмонов томонидан Бобур ҳазратларининг “Тақте” рисоласи нашрга тайёрланди. Шунингдек, Бухоро давлат университети олимлари Шавкат Ҳайитов ва Маҳбуба Муҳаммадова “Бобурий ва Шайбоний ижодкорлар талқини” номли монографияни  нашрга тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. 

[gallery-27672]

Арабшунос олим Шокирхон Рустамхўжаев томонидан тайёрланаётган “Бобуршоҳ асарлари тилининг изоҳли луғати” эса “Бобурнома”да ишлатилган сўз ва иборалардан ташқари, “Аруз”, “Волидия”, “Мубаййин”, “Мухтасар” ва “Девон” каби асарлардаги ҳозирги замон китобхонига тушуниш мураккаб бўлган сўз, ибора ва жумлалар киритилмоқда. 

“Бобурнома” ҳозирга қадар ўттиздан ортиқ тилларда таржима қилинган.    Бугунги кунда “Бобурнома”ни қардош туркман, қирғиз ва тожик тилларида ҳам нашрдан чиқиши кутилмоқда. Фонд Ўш давлат университети олимлари билан “Бобурнома”нинг қирғиз тилига таржимаси борасида ҳамкорлик қилмоқда. 

Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин  Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари.