Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур изидан” кўрик-танловининг Шарқий ҳарбий округ босқичи бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган ушбу беллашув шоҳ ва шоир, буюк саркарда З.М. Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан ўтказилди.
Танловнинг асосий мақсади ҳарбийлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда Бобурнинг ҳарбий маҳорати ва ижодини чуқур ўрганишдан иборат эди. Беллашувда Шарқий ҳарбий округдаги ҳарбий қисмлардан сараланган 9 жамоа иштирок этди. Қатнашчилар буюк саркарданинг давлат ташкил этишдаги стратегик ёндашувлари, амалга оширган ислоҳотлари ва қўшинни бошқариш маҳорати бўйича савол-жавобларда ўз билим ҳамда маҳоратларини намойиш этди. Шунингдек, улар Бобурнинг ижоди билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб берди.

Тадбирнинг асосий мақсади ҳарбий хизматчилар орасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, тарихий ва маданий меросни ўрганишни рағбатлантириш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборат бўлди.

Якуний натижаларга кўра, Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмнинг “Бобур издошлари” жамоаси ғолиб чиқиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўринга Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисмнинг “Десантчилар”, учинчи ўринга эса “Артиллериячилар” жамоалари сазовор бўлди.


Танловнинг ғолиб ва совриндорлари округ қўмондонлигининг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Танлов доирасида ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари