Пойтахтимиздаги Адиблар xиёбoнида буюк саркарда, давлат ва жамоат арбоби, шоир бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуман “Заҳириддин Муҳаммад Бoбур ҳаёти ва фаoлияти – ватанпарварлик намунаси” мавзусида бўлиб, унга ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, ҳарбийлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи ўринбосари, полковник Икромжон Маҳмудов, Қорақалпоғистон Республикаси халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Рустам Мусурмон, Ёзувчилар уюшмасининг ҳарбий -ватанпарварлик бўлими бошлиғи Маъмура Зоҳидова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Бобур Бобомурод ва бошқалар буюк шоир бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг синовларга тўла ҳаёти, ибратли инсоний фазилатлари, бебаҳо ижоди хусусида батафсил тўхталди.

Анжуманда Бобур Ватан тақдири учун курашган шоҳ ва моҳир саркарда, садоқат, мардлик, жасорат тимсолига айланган, энг оғир синовларга ҳам бўйин эгмаган улуғ сиймо экани алоҳида эътироф этилди. Мамлакатимизда ҳам Бобурнинг ҳаёт йўли, фаолияти, улуғ саркардалик салоҳияти, беназир ижодини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.
- Февраль ойи маънавият, адабиёт ойи сифатида ўтказилиб, ойлик доирасида наинки мамлакатимиз, балки хорижий давлатларда ҳам Навоий ва Бобур боболаримиз ижодига бағишланган анжуманлар, адабий нашрлар тақдимоти ўтказилмоқда, - деди таниқли адиба, Ёзувчилар уюшмасининг ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бошлиғи Маъмура Зоҳидова. – Ўзбекистон халқ ёзувчилари Пиримқул Қодиров, Хайриддин Султоннинг Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган асарлари бор. Уларда Бобурнинг умри нечоғли заҳматларда кечгани, изтироблари, шахсияти, инсоний фазилатлари, бебаҳо ижодининг моҳияти теран баён этилган. Бу манбаларни ўқиб, ўрганиш Бобур қирраларини очиш имконини беради.
– “Бобурнома” асари давлатчилик, Бобур босиб ўтган йўллар ҳақида тўлақонли маълумот бериши билан бирга, география, эллар тарихи, қадимий анъана ва қадриятлар, табиат, инсон феъл-атвори ҳақида ҳам қизиқарли маълумот берувчи қимматли манбадир, - деди Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Рустам Мусурмон. – Гўзал шеъриятида ҳам Бобурнинг дунёқараши, ҳаётий принциплари, инсоний фазилатлари яққол гавдаланади. Шу боис ёшларимиз Бобур асарларини тобора кўпроқ ўқиб, ўрганишлари керак, деб ўйлайман.
Тадбирда Бобур ижоди, синовларга тўла ҳаёти хусусида батафсил сўз юритилди. Талаба-ёшларнинг театрлаштирилган, ҳарбий дастури анжуман иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Иштирокчилар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали пойига гуллар қўйди. Шоир бобокалонимиз таваллуд санасига бағишланган адабий анжуманлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА