English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бобур Элмурод: “Тажоҳул ул-ориф”
15:59 / 2026-01-19

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб

Истеъдоли ёш шоир Бобур Элмуроднинг “Тажоҳул ул-ориф” номли шеърий китоби “Сўзмунчоқ” рукнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.

Бобур Элмурод тенгдошлари орасида ўзига хослиги билан алоҳида ажралиб турадиган файласуф шоир. 

Мазкур тўпламда унинг сўз билан юзмаюз суҳбати, изтироб ва куч, ожизлик ва сабр ўртасидаги муросасини ҳис этасиз, кўрасиз, кузатасиз. Шоир шеърларида биз кўриб турган оддий манзаралар, кундалик ҳаётнинг жўндек кўринишлари фалсафага айланиб боради.

Бундай жазавада эсмасди шамол,

Титрамасди бундай дарахт ҳам илло.

Бағрида бир қучоқ меваси билан

Чайқалиб-чайқалиб ётади хурмо.

 

Бола ҳўнграб йиғлар, у ҳали гўдак,

Бундай манзарага кўзи тушмаган.

У бехос “қарс” этиб синган шохларда

Тўрт-бешта хурмони кўрди – пишмаган...

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шоир шеърлари ҳақида шундай ёзган эди: “Укамиз Бобур Элмуроднинг шеърларини ўқиб жуда таъсирландим. Гоҳо шоирнинг битта шеъри муваффақиятли чиқиб, қолганлари сусайиб кетиши мумкин. Шоир укамизнинг ёзганлари эса ҳозирча унақа эмас.

Бобур Элмурод мана шу масъулиятни зинҳор унутмасин, дейман”.

Китобдаги шеърлар билан танишиб бораркансиз, Бобур Элмурод устоз шоир ишончини чин маънода оқлаб келаётганига гувоҳ бўласиз.

Бир заминда туғилдик омон,

Бирга ўтди эрта-кечимиз.

Битта эди биз билган осмон

Битта эди Яратувчимиз.

 

Бир товоқдан ошар эдик ош,

Чинимиз бир, ҳазилимиз бир.

Кундаларга бирга қўйдик бош,

Борадиган манзилимиз бир.

 

Аммо мени қийнайди бир ҳис,

Бирга ёнмас бағирлар нечун?

Нечун ҳамон муштдек жонимиз,

Тикилмаган ҳеч нарса учун.

 

Қай тарафга юзимни бурмай,

Қиблагоҳдек азиз тўрт томон.

Шу Ватанни нега одамлар,

Биргалашиб севолмас ҳамон...

Ёш шоирнинг янги китобини ўқинг. У кўнглингиздан жой олиши, шубҳасиз...

А.Нарзуллоев, ЎзА