Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Бир гуруҳ муаллифлар – Зулхумор Холманова, Шуҳрат Ҳайитов, Дилафруз Муҳаммадиевалар ҳамкорлигида “Бобур асарлари луғати” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Таъкидлаш жоизки, Бобур Мирзо бетакрор сўз устаси. Унинг асарлари энг аввало жонли туркона тили, ифода тарзи билан ўқувчини ўзига ром этади. Энциклопедик илм соҳиби бўлиш, серқирралик ҳар қандай ижодкорга ҳам насиб қилавермайди. Бобур ана шундай бахтга муяссар бўлган кам сонли омадли ижодкорлар сирасига киради.
Бобур Мирзо асарларини ўқиркансиз, кўз ўнгингизда қалби туғён ва армонларга тўла шоир, ўз халқи ва кишилик тарихи сарчашмаларидан яхши бохабар тарихчи, тилшунос, адабиётшунос, табиатшунос, географ, мусиқашунос каби сиймолар бир-бир ўта бошлайди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек ижодкор асарларининг луғатини тузиш, уни сайқаллаб бориш, бу – ҳаётий зарурат. Ҳеч муболағасиз, айтиш мумкин, буюк олим, шоир ва мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг заҳматкаш олимларимиз ҳамкорлигида тузилган ушбу луғати улуғ адиб ижодининг бебаҳо сўз бойлигини тўлиқ қамраб олган, дейиш мумкин.
Луғат Бобур асарлари юзасидан ҳозирги луғатшунослик тамойиллари асосида тузилган ва унда сўзларнинг мукаммал изоҳи берилган. Бу, Бобур асарлари матнидаги луғавий бирикмаларни изоҳлаш, буюк мутафаккир ижодини кенг ёйиш, оммалаштириш, бир қатор соҳалардаги тадқиқотлар тизимини шакллантириш, шунингдек, ўзбек тилининг ифода ва таъсир имкониятларини, луғавий бирликларда тил эгаси тафаккури, идрокининг акс этиш даражасини ёритишга хизмат қилади.
Мазкур луғат “Бобурнома” лексикасига бағишланган тадқиқот иловалари ҳамда ҳозирга қадар яратилган луғатларга таянилган ҳолда тузилган.
Луғатда аввалги тадқиқотлар ёки луғатларда қайд этилмаган сўзлар, иборалар мавжуд бўлиб, айрим сўзларнинг изоҳига аниқлик киритилган.
Луғат китобхонларга Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини чуқур тушунишга яқиндан ёрдам беради.
Ушбу китоб илмий ходимлар, олий ўқув юртлари филология факультетлари ўқитувчилари, талабалари ва Бобур ижодининг ихлосмандлари учун ўзига хос туҳфадир.
А.Нарзуллоев, ЎзА