English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боботоғда юздан ортиқ Ватан посбони уйли бўлди
10:16 / 2022-11-21

Сурхондарё вилоятининг Узун туманидаги олис Боботоғ массивида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун янгидан барпо этилган учта 5 қаватли ва қайта реконструкция қилиниб, барча шароит яратилган тўртта 2 қаватли 102 оилага мўлжалланган турар-жой биноси ҳамда тикув цехи фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда вилоят, туман секторлари раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Мамлакатимиз Қуролли кучларида кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар Ватанимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир, тезкор ва ихчам миллий армиямизни шакллантирди. Халқ ва армия бирдамлиги таъминланди. “Инсон қадри учун” деган муҳим тамойил Қуролли Кучларимиз тизимида ҳам ўз ифодасини топиб, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар тарафлама ҳимоя қилишга эътибор янада кучайтирилди. Жанубдаги воҳанинг қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларида хизмат бурчини ўтаётган сарҳадларимиз посбонларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳам бунга яққол далилдир.  

Тантанали маросимда ана шу ҳақда атрофлича фикр юритилди.  

Тоғлар қўйнидаги лойиҳа қиймати 20 миллиард 500 миллион сўмлик замонавий ҳарбий шаҳарчани “Саодатбону Азиза Термиз” хусусий корхонаси тез ва сифатли бунёд этди. Бу ерда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун барча қулайликлар яратилган. Кенг, шинам хонадонлар замонавий усулда жиҳозланган.  

– Хизмат вазифамни шу ҳудудда олиб боряпман, – дейди кичик сержант Сирожиддин Қиёмов. – Турмуш ўртоғим ва бир нафар фарзандим билан янги хонадонга кўчиб ўтганимиздан хурсандмиз. Барча шароитларга эга хонадон соҳиби бўлганимиздан, айниқса, турмуш ўртоғимнинг қувончи чексиз. Бу менинг ҳам оиламдан кўнглим тўқ ўзимга юклатилган вазифани янада сифатли бажаришим учун қулай имконият бўлди. Бундай эътибор учун давлатимиздан беҳад миннатдормиз.  

Тадбирда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига янги хонадонларнинг калити тантанали топширилди. Иштирокчилар хонадонларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.  

Тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири