Ўзбекистон Президенти раислигидаги видеоселектор йиғилишида маҳалла тизимини такомиллаштириш, жойларда ишларни янада самарали ташкил этиш масалалари юзасидан долзарб вазифалар белгиланиб, маҳаллалар фаолиятига доир янгиликлар ва ташаббуслар айтиб ўтилди.
Хўш, айни кунда маҳалла олдидаги муҳим вазифалар нималардан иборат? Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги “Бобошбек” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерзоджон Одилов биз билан суҳбатда шу ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Маълумки, маҳаллада “еттилик” тизими жорий этилиб, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан ортиқ хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқарилгани, ишсизлик даражаси икки баробарга қисқаргани ва 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келганлиги қувончлидир, – дейди Шерзод Одилов. – Президентимиз йиғилишда “Ислоҳотларимизнинг остонаси бўлган ҳар бир маҳаллага Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, энг аввало, маҳалла “еттилиги”нинг ягона жамоа бўлиб ишлашига бевосита боғлиқ” эканлигини алоҳида таъкидлади.
Жорий йилдан бошлаб Солиқ қўмитаси ер ва мулк солиқларини тўлаганлик даражасига қараб, “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” рейтингини эълон қилди. Бунда 100 таликка кирган маҳаллага “ташаббусли бюджет”нинг янги тизими бўйича инфратузилма харажатининг 75 фоизи бюджетдан тўлиб берилиши, шунингдек, ушбу маҳаллаларнинг ҳар бирига 2 миллиард сўмдан ажратилиши маҳаллалар ривожи, ободлиги, фаровонлиги йўлидаги мисли кўрилмаган имконият бўлди.
Тадбиркорлик лойиҳаларини кенгайтириш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини кўпайтириш, камбағалликни тугатиш борасида вилоятимиз, туманимизда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Маҳалла тизимини янада такомиллаштириш мақсадидаги кўпдан-кўп хайрли ва истиқболли янгиликлар, ташаббуслар самарасини маҳалламиз ҳаёти мисолида яққол кўриб турибмиз.
Маҳалламизнинг асосий “драйвери” енгил саноат, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришдир. Давлатимиз ёрдамида фуқароларимизга чет эллардан ишлаб чиқариш дастгоҳ ва ускуналари келтирилгани, уларга субсидия берилгани, аҳолининг, айниқса, ёш йигит-қизларнинг тадбиркорлик салоҳияти рўёбга чиқиши, Юртбошимиз ташаббуси билан “Бобошбек” ишлаб чиқариш ва савдо мажмуаси ҳамда логистика марказининг ташкил этилгани маҳалламиз қиёфасини, одамларимиз ҳаёт тарзи ва турмуш маданиятини тубдан ўзгартирди. Нафақат бизнинг маҳалламиз, шунингдек, Бегмурод, Зиғир, Палохон, Яккамулла маҳаллаларида яшовчи аҳоли ҳаётида ҳам ижобий ўзгаришлар рўй берди.
Бугун Бобошбек аҳолиси томонидан тайёрланаётган сифатли саноат ва трикотаж маҳсулотлари шу ердаги савдо мажмуасида, республикамиз савдо расталарида харидоргир бўлибгина қолмай, логистика маркази орқали дунёнинг кўплаб мамлакатларига, жумладан, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия Федерацияси ва Озарбайжонга экспорт қилинмоқда.
Аввалги йиллари маҳалламизда 22 нафар ишсиз бор эди. Эндиликда ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айландик. Фуқароларимиз ўз тадбиркорликлари, Президентимиз томонидан яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлар туфайли катта даромадга эга бўлишяпти. Бизда ҳозир камбағал оила йўқ, аксинча, хонадон соҳиблари қўша-қўша енгил машинали бўлишяпти, замонавий иморатлар қуриб, тўйлар қилишмоқда.
Маҳалламизда 6230 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 2703 нафарини ишга лаёқатли хотин-қиз ташкил этади. Аёлларимизнинг 75 фоизи тадбиркорлик, трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва маҳаллий ҳамда хорижий бозорларга етказиб бериш билан банд. Ҳамидахон Акбарова раҳбарлик қилаётган “Dassi” корхонасида 45 нафар, Иродахон Содиқова бошчилигидаги “Худоёрхон” корхонасида 40 нафар, Дилнозахон Юсупованинг “Нилу баби” корхонасида 60 нафар хотин-қиз жаҳон андозаларига мос маҳсулотлар тайёрлаб, дунё бозорларини эгаллаётганидан мамнунмиз.
Туманимиз иқтисодиётининг юксалиши, маҳалламиз фуқароларининг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига замин яратган “Бобошбек” ишлаб чиқариш ва савдо мажмуасида айни кунда 212 та трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, 560 та кичик савдо растаси ва 2 та замонавий логистика маркази фаолият олиб бораётгани иш ўринлари, даромад, савдо-сотиқ ва экспорт салоҳияти кўламининг нақадар улкан эканлигини кўрсатади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА