Хотира ва қадрлаш куни Навоий вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.
Бугун эрта тонгдан гарчи баҳор ёмғири ёғаётган бўлса-да, Хотира майдони гавжум бўлиб, вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйишди ва урушда жон фидо қилган юртдошларимиз хотираси ёдга олинди.
Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланиб, 1941-1945 йилларда уруш ва меҳнат фронтида тинчлик учун курашиб ҳалок бўлганлар хотираси ёд этилади. Айни пайтда кексалик гаштини сураётган нуроний отахон ва онахонларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, улар ҳолидан хабар олинади.
Албатта, юртимизда кексаларни ҳурмат қилиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Ҳар йилидек, бу йил ҳам Президентимиз мамлакатимизда 9 май –Хотира ва қадрлаш кунини умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонни қабул қилди.
[gallery-17356]
Унга кўра, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига республика давлат бюджетидан бир марталик пул мукофоти – 20 миллион сўмдан маблағ ажратилди. Айни кунларда тегишли вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар биргаликда ушбу пул мукофотларини тантанали ва байрамона вазиятда топширмоқдалар.
– Халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида кўрсатган жасорати, букилмас иродаси ва матонати, инсонпарварлик фазилатлари авлодлар учун муқаддас хотира ва одамийликнинг юксак намунаси бўлиб қолмоқда, – дейди Навоий давлат педагогика институти проректори Хуршид Қурбонов. – Бугунги тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт учун азиз жонини фидо қилган аждодларимизнинг ёрқин хотирасини ёд этиб, уларнинг эзгу ишларини муносиб давом эттириш тинчликни буюк неъмат деб биладиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.
Байрам вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этиб, бугунимиз, мусаффо осмонимиз, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги учун жон фидо қилганлар хотирланиб, айни пайтда орамизда бўлган кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда.
Навоий шаҳридаги Марказий маданият ва истироҳат боғида эса байрам муносабати билан боғлиқ турли маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари