French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боболар орзу қилган боғлар
14:25 / 2016-08-01

– Боққа келишдан аввал янги объектни кўргани бормадик-да? – деди Музаффар ака отасига. Бу пайт Абдусалом бобо фермер ўғлининг сўзларини эшитмас, ўз хаёллари билан банд эди.

– Боққа келишдан аввал янги объектни кўргани бормадик-да? – деди Музаффар ака отасига. Бу пайт Абдусалом бобо фермер ўғлининг сўзларини эшитмас, ўз хаёллари билан банд эди.

...Кўчат ортилган «Уазик» ишчилар ёнига келиб тўхтади. Улов эшиги шарақлаб очилиб, Абдусалом раис тушди.

– Қишки «Голден» нави деб беришди, лекин кўчат эртапишар баҳори олмага ўхшаяпти, – деди раис машина юкхонасига ишора қилиб. – Раҳбарларга тушунтиришга ҳаракат қилдим – бўлмади, кўпнинг олдида дакки эшитганим қолди.

Боғ тўртинчи йили нишона ҳосилини кўрсатди. Ёзнинг дастлабки ойидаёқ мевага таъм кириб, тарам-тарам атлас тусини олди: кутилганидек баҳори олма!

Орадан тўрт йил ўтиб райондагилар Абдусалом раисга англашилмовчилик бўлгани ва боғни қайта ташкил қилиш лозимлиги ҳақида топшириқ борлигини айтишди... Инсоннинг қўли гул, яна ҳеч қанча вақт ўтмай ҳосилга кирган боғ ўрнида бошқа ниҳоллар бўй кўрсатди...

Абдусалом бобо ҳар сафар қишлоқ адоғидаги лалми майдонда ташкил этилган томчилатиб суғориладиган интенсив боғни айланар экан, кўп йиллар аввал ўзи билан кечган ана шу воқеа кўз ўнгида гавдаланаверади.

– Гуркираб ўсаётган дарахтларни нобуд қилиш, ўзинг меҳр берган боққа бошқалар эга чиқишини кўришдан оғири йўқ, – дейди Абдусалом бобо ҳосилнинг зўридан эгилиб турган олма шохларини симбўғизга илдирар экан. – Ўғлим, мен сенга, сендаги имкониятларга, йилдан-йилга ривожланиб бораётган хўжалигингга ҳавас қиламан...

Президентимиз раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки кунларидан аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалигини самарали тармоққа айлантириш стратегияси аниқ-равшан белгилаб олинди. Ерни ҳақиқий эгаси – деҳқонга топшириш, пахта яккаҳокимлигига барҳам бериш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни жалб этишга алоҳида аҳамият қаратилди. Бунинг самарасида қишлоқ хўжалиги, хусусан, боғдорчилик йўналишида салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Ўтган йиллар давомида пахта майдонлари қисқартирилиб, мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган майдонлар кенгайтирилди. Натижада қарийб 100 минг гектарда мевали боғ ва токзорлар барпо этилди. Кейинги уч йилда 22 минг гектардан зиёд майдонда илмий асосланган интенсив боғ ташкил қилинди.

Мустақиллик арафасида – 1990 йилда юртимизда 660,4 минг тонна мева, 744,7 минг тонна узум ҳосили олинган бўлса, ўтган йили 2 миллион 731 минг тонна мева, 1 миллион 556 минг тонна узум етиштирилганининг ўзиёқ амалга оширилаётган ислоҳотлар нечоғлик юксак самаралар бераётганини кўрсатади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича дунёда етакчи давлатлардан бирига айланди. Бугун мамлакатимиз ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича жаҳондаги етакчи ўн давлат қаторида туради. Халқимиз эҳтиёжидан ортиқча 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар АҚШ, Япония, Таиланд, Индонезия, Мўғулистон, Саудия Арабистони, Россия, Словакия сингари 80 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Тармоқда эришилган бундай ютуқлар замирида академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг ҳам муносиб ўрни бор. Институт олимлари томонидан мева-узумнинг янги, ноёб, совуққа, қурғоқчиликка чидамли, ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос серҳосил янги навлари яратилмоқда. Хусусан, 2000-2015 йилларда мева-узумнинг 32 нави Давлат нав синаш комиссиясига топширилиб, унинг 23 нави давлат реестрига киритилди. Кейинги 15 йилда олманинг 9, нокнинг 2, шафтоли, гилос, узум, қулупнай, лимон, апельсин ва мандариннинг 1 тадан, олтинсимон қорағатнинг 4 нави давлат реестрига киритилди. Истиқболли мева дурагайлари ҳамда навлари коллекция майдонларида олманинг янги 32 дурагайи ва 44 нави, нокнинг 32, ўрикнинг 15, шафтолининг 30, йирик мевали олчанинг 17, олхўрининг 12, гилоснинг 15, резаворлардан қулупнайнинг 58, қорағатнинг 45, цитрус ўсимликларнинг 15 нави ўрганилмоқда.

– Президентимиз раҳнамолигида янги истиқболли навларни яратиш, жаҳон тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти директори Йўлдош Саимназаров. – Муассаса моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, олимларимизнинг эркин ва самарали тадқиқот олиб бориши учун зарур шароитлар яратилди. Ўтган асрнинг 90-йилларигача ҳам селекционерларимиз томонидан қанчадан-қанча навлар устида изланишлар амалга оширилган. Лекин уларнинг аксарияти охирига етказилмай қолиб кетган. Бошқача айтганда, бутун-бутун умрлар сарф бўлган баъзи изланишлар эътиборсизлик оқибатида ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Истиқлол шарофати билан ўша ишлар бугун давом эттирилиб, Давлат нав синаш комиссиясига топширилмоқда. Энг мақбул деб топилганлари давлат реестрига киритилмоқда.

Институт жамоаси хорижда ўтказилаётган соҳага доир халқаро кўргазма ва семинарларда фаол иштирок этиб келмоқда. Яқинда Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бу борада янада кенг имкониятлар яратди. Дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларидан келган халқаро савдо ташкилотлари, қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган вазирлик ва идоралар, логистика компаниялари вакилларига институт фаолияти, юртимиз боғларида етиштирилаётган мевалар нави, агротехникаси ҳақида атрофлича маълумот берилди.

– Селекционер олим ва мутахассисларимиз мавжуд боғ-токзорларни таҳлил қилган ҳолда юртимиз тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳар бир худудга мос янги навлар яратмоқда, – дейди институтнинг мева-резавор экинлари селекцияси ва уни ўрганиш бўлими бошлиғи, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Равшан Абдуллаев. – Бунда маҳаллий ва чет эл навлари таҳлил қилиниб, улар орасидан истиқболли янги навлар саралаб олинмоқда. Янги навлар ичида қурғоқчиликка чидамлилари алоҳида ўрин тутади. Буларга олманинг “Гўзал”, “Қизил тарам олма”, “Чўлпон”, “Ойдин”, “Нафис” навлари, нокнинг “Кулола-2”, беҳининг “Изобильная”, “Самаркандская крупноплодная”, “Мушк беҳи”, олхўрининг “Чернослив Самаркандский,” гилоснинг “Клон Эльтона”, ўрикнинг “Бобо Ражаби”, шафтолининг “Шарқ”, қорағатнинг “Сиюма”, “Рухшона”, “Ирода”, узумнинг “Ризамат”, “Кишмиш Ботир”, “Ранний Шредера”, “Хусайне мускатный” ва “Кишмиш Малика” навлари айниқса миришкорларимиз томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Институт олимлари 2015 йилда районлаштирилган лимоннинг “Мейер”, апельсиннинг “Гамлин”, мандариннинг “Клементин” навларини яратиб, давлат реестрига киритди. Илгари иссиқхонада ўстириладиган цитрус ўсимликларнинг ҳудудларга мослашган навлари йўқ эди. Институтда ҳозир кўчатлар сонини кўпайтириш, тажрибани давом эттириш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Бу юртимизда етиштирилаётган цитрус мевалар салмоғининг янада ошишига хизмат қилади.

Ўзбекистон ҳудудида замонавий интенсив боғларни энг мақбул экиш схемаси ва усулини танлаш бўйича алоҳида изланишлар олиб борилди. Интенсив боғлар барпо этиш учун хориждан уруғли мевалиларнинг пакана ва ярим пакана пайвандтаглари келтирилиб, улар устида илмий-тадқиқот ишлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда сўз борар экан, 2008 йилда Россиянинг Сибирь боғдорчилик илмий-тадқиқот институтидан қорағат (смородина), малина, чаканда, калина, қулупнай навлари кўчати ҳамда олманинг 5 ва нокнинг 6 нави қаламчалари келтирилиб, тажриба олиб борилаётганини айтиб ўтиш жоиз. 2011 йилда Украинадан уруғли мевалиларнинг пакана ва ярим пакана пайвандтагларидан 400 минг дона келтирилди. Улар институт филиаллари ва тажриба хўжаликларига тарқатилди.

Мева етиштиришни кўпайтириш мақсадида институт илмий-тажриба участкасида Хитой тажрибасини қўллаш мақсадида иситиш тармоқларисиз 5 кичик иссиқхона ташкил этилди. Уларда пакана пайвандтагда ўсувчи шафтоли, лимон, гилос ва ток кўчатлари экилиб, юқори ҳосил олиш устида илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Институт мутахассислари турли касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича ҳам салмоқли натижаларга эришмоқда. Бунда авваллари кенг қўлланилган кимёвий препаратлардан имкон қадар камхарж, рационал, самарали қарши курашиш схемалари ишлаб чиқиш устида изланишлар олиб борилаётир. Юқори ва сифатли маҳсулот олиш учун касаллик ва зараркунандаларга қарши уйғунлашган ҳамда биологик кураш чоралари ишлаб чиқилди.

Муассаса олимлари томонидан боғ ва токзорларда амалга ошириладиган ресурстежамкор замонавий агротехнологиялар бўйича “Республикамиз вилоятлари шароитида боғ ва токзорлардан мўл ҳосил олишда амалга ошириладиган агротехник тадбирлар”, “Мева-узум навлари каталоги”, “Интенсив боғ ва токзорларда ҳосилдорликни ошириш”, “Мевали боғ қатор ораларида сабзавот, полиз ва картошка экинларини етиштириш”, “Цитрус ўсимликларини иссиқхоналарда етиштириш технологияси” мавзуларида тавсифномалар ишлаб чиқилиб, фермер ва деҳқон хўжаликларига юборилмоқда.

Бугунги кунда юртимиз боғларида экилган олманинг 61 фоиздан кўпроғи, нокнинг 49, токнинг 43, қулупнайнинг 90, беҳининг 65, шафтолининг 60, қорағатнинг 90 фоизини институт тавсия қилган янги навлар ташкил қилади. Жорий йилда институт ва унинг тизимидаги илмий-тажриба станцияси, экспериментал хўжаликларида етиштирилган 1 минг 100 дан ортиқ пакана ва ярим пакана дарахт кўчатлари, 1 минг 600 га яқин ток кўчатларига фермер хўжаликлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан шартномалар тузилди.

– Боғдорчиликка қизиқиш бизга ота мерос, – дейди чинозлик фермер Нодира Исломова. – Мана шу қизиқиш, Президентимиз раҳнамолигида соҳа ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор бизни ҳам интенсив боғ ташкил қилишга ундади. Бу турдаги боғдорчиликка бундан анча аввал қизиқиб, уни барпо этишнинг ўзига хос технологияси, ҳосилдорлиги, истиқболи хусусида маълумотларни таҳлил қилиб кўрган эдим. Ўша пайтлар ҳали юртимизда бу соҳа янгилик эди. Табиий шароитимизга мос кўчатлар етиштириш ҳолати бугунгидай ривожланмаганди. Кўчатларни четдан келтириш катта маблағ талаб қилар эди. Жорий йил орзуимиз ушалди. Баҳорда 4 гектардан ортиқ майдонда интенсив олма боғи ташкил қилдик. Бунда бизга академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти мутахассислари ҳар томонлама кўмак берди. Дастлаб институт мутахассислари келиб ҳудудни ўрганди. Иқлими, тупроғини ўрганди, қандай касалликларга чидамли нав танлаш лозимлиги, экиш схемаси ҳақида аниқ тавсиялар ишлаб чиқди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди. Экилган икки минг туп кўчатнинг ҳаммаси баравж кўкариб кетди. Бизни қувонтиргани, кўчатларнинг юзга яқини шу йилнинг ўзидаёқ нишона ҳосилини кўрсатди. Яқинда институт мутахассислари боғни кўздан кечириб, дарахтларни баргидан озиқлантириш бўйича ўз тавсияларини берди.

Бугунги кунда академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида аграр йўналишдаги олий таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчиларини институтга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, 25 нафар битирувчи муассасага танлов асосида ишга қабул қилинди ва “устоз-шогирд” анъанаси асосида мутахассисларга бириктирилди.

...Олмани йиғиб-теришни сентябрнинг нечанчисидан бошлаймиз? – деб сўради Музаффар ака отасидан.

Бу савол Абдусалом бобога яна ўтган йиларни эслатиб юборди.

– Илгари ҳосилни йиғиб-териб олишга ҳатто қор ёғса ҳам «тепа»дан топшириқ бўлмагунча киришилмас эди, – деди қандайдир маъюс оҳангда отахон.

Бу «ҳикоя»ни бир неча бор такрор эшитган фермер, «биламан, биламан» деганча отасининг тирсагидан тутиб, “Нексия” томон бошлади. Ўғилнинг кўнглида отасига фермер хўжалиги қошида иш бошлаган янги объект – мева сақлашга хизмат қиладиган музлатгични кўрсатиш иштиёқи ёнар эди.