Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боғдорчилик ривожи йўлида
16:51 / 2015-03-03

Наманган вилояти Чортоқ туманида боғдорчиликнинг баҳорги долзарб вазифаларига бағишланган назарий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Наманган вилояти Чортоқ туманида боғдорчиликнинг баҳорги долзарб вазифаларига бағишланган назарий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, вилоят ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоят, туман фермерлар кенгашлари, боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари, соҳа мутахассислари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг қишлоқ хўжалиги, айниқса, боғдорчилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Боғларни илмий-агротехник тадбирлар асосида парваришлаш, янгилаш, интенсив боғлар барпо этиш, серҳосил, эртапишар мева навларини яратиш ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, кенг имконият ва имтиёзлар яратилмоқда.

Тадбир доирасида Боғистон қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик касб-ҳунар коллежи қошидаги “Ёш боғбонлар” махсус отряди томонидан тумандаги “Умид” боғдорчилик фермер хўжалигида данакли ва уруғли дарахт кўчатларига шакл бериш, уларни зараркунанда ва касалликлардан асраш мақсадида ишлатиладиган кимёвий препаратлар тайёрлаш бўйича тажрибалари ўрганилиб, махсус отрядни ўқитиш учун тайёрланган 30 соатлик ўқув дастури билан таништирилди.

Боғдорчилик соҳасида мутахассислар етиштириш, мазкур йўналишдаги касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган ўқувчиларнинг билимини амалиётда мустаҳкамлаш, уларнинг бу борадаги интилишларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашиш борасида олиб борилаётган ишлар, келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.

– “Ёш боғбонлар” махсус отряди аъзолари асосан битирувчилардан иборат, – дейди коллежнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти етакчиси Н.Мамасиддиқова. – Туман ҳокимлиги томонидан ажратиладиган 20 гектар майдонда боғ яратиш учун 100 миллион сўмдан зиёд банк кредити олишни режалаштирганмиз. Ушбу бизнес режа амалга оширилса, ўндан зиёд битирувчи иш билан таъминланади.