Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боғдодда нима гаплар: халқ нимани истамоқда?
10:45 / 2019-11-07

Ироқ яна можаролар марказига айланди. Бу гал мамлакат ўзи учун янгича инқироз гирдобида қолди.

Халқаро шарҳ

Ироқ яна можаролар марказига айланди. Бу гал мамлакат ўзи учун янгича инқироз гирдобида қолди. Ироқдаги уруш вақтида туғилган ва дунёга келганидан буён урушдан бошқа нарса кўрмаган ёшлар мамлакатдаги коррупцион тизимдан тоқатлари тоқ бўлиб намойишга чиқди.

Бугун нафақат Ироқ, Ливан, Сурия, Миср каби Яқин Шарқ давлатлари, балки ер юзининг кўпгина қисмларини норозилик акциялари қамраб олган. Эквадор, Чили, Аргентинада ҳам тенгсизлик, коррупция, нарх-навонинг ошишига қарши одамлар кўчаларга чиққан.

Ироқ, Ливан ва Мисрнинг бир-бирига ўхшамаган жиҳатлари бисёр, лекин намойишчиларни қийнаётган дардлар умумий. Араб Яқин Шарқи бўйлаб миллионлаб одамлар, айниқса, ёшлар ўхшаш қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Минтақа аҳолисининг 60 фоизга яқини 30 ёшдан кичикдир. Ёшлар сони кўплиги мамлакат манфаати учун хизмат қилади. Бироқ иқтисодиёт, таълим тизими ва давлат институтлари ёшлар манфаатини қондира олмаса, улар ўз орзу-умидларини рўёбга чиқаришга йўл топа олмайди.

Коррупция одамларнинг орзуларини еб битиради

Ёшлар иккита кенг тарқалган ҳолатдан дарғазаб: коррупция ва ишсизлик. Ироқ коррупцияга ботганлик даражаси бўйича дунёда юқори ўринларда туради. Ливанда бу масалада аҳвол Ироққа нисбатан бироз яхши бўлса-да, аммо етарли даражада эмас. Коррупция саратонга ўхшайди. У ўз қурбонига айланган одамларнинг орзулари ва умидларини еб битирмоқда.

Коррупциядан азият чекканлар тезда ғазаб отига миниши мумкин. Ҳатто олий таълимни тугатганлар ҳам иш топа олмаган ва чўнтагидаги сўнгги чақаларни санаб юрган вақтда, норозилигини юзага чиқаришдан уларни ҳеч нарса тўхтата олмайди. Давлат институтлари — ҳукумат, судлар ва полиция коррупцияга ботганда, мамлакат таназзулга юз тута бошлайди. Ливан ва Ироқдаги намойишчилар фақат ҳукуматнинг истеъфо беришини талаб қилмаяпти. Улар бутун сиёсий тизимнинг ислоҳ қилинишини истамоқда.

Ироқлик намойишчилар кўчаларни тўлдириб, ишсизлик, коррупция ва ҳукуматга қарши шиорларни бақириб айта бошлаганда, уларга қарши қурол ишлатилиши учун кўп вақт талаб қилинмади. Ироқликлар етакчиларсиз намойишга чиққан эди. Бироқ «қўрққан олдин мушт кўтарар» услубини қўллаган ҳукуматнинг бундай жавоби ортидан одамлар янада уюшишди.

Бағдодда бошланган намойишлар тез орада мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам тарқалди. Халқ қўзғалгандан бир кун ўтиб, Карбало шаҳрида намойишчиларга қарши ўқ узилгани ва кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани тўғрисида хабарлар юзага чиқди. Интернетда одамлар ўқ ёмғиридан қочишга уринаётгани тасвирланган видеолар пайдо бўлди.

Маълумотларга қараганда, 1 октябрдан буён Бағдодда хавфсизлик хизмати ходимлари билан тўқнашувларда жами 250 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган. Шаҳарда октябрь ойи охирида комендантлик соати жорий этилганди, аммо намойишлар тинмаяпти. Ўтган ҳафтада Ироқ президенти Барҳам Солиҳ агар партиялар унинг ўрнига номзод топа олишса, мамлакат Бош вазири Абдул Маҳди истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди.

Намойишлар нима билан боғлиқ?

Бир йил муқаддам Ироқ Бош вазири Абдул Маҳди ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилганди, аммо амалда бу ваъдалар бажарилмади. Натижада 1 октябрь куни Бағдод кўчаларига ишсизлик ва коррупцияни йўқотишни талаб қилган минглаб ёшлар чиқишди.

Намойишларнинг биринчи тўлқини 6 кун давом этди ва жами 149 киши ҳалок бўлди. Аммо бу намойишчиларни тўхтата олмади, аксинча янада кўпроқ одамлар кўчаларга чиқди, намойишлар Ироқнинг бошқа шаҳарларига, айниқса, нисбатан қашшоқ яшовчи жанубий ҳудудларига ҳам тарқалди.

Бош вазир Абдул Маҳди ўз ҳукуматида ўзгаришлар ўтказишни, юқори маош олувчи амалдорларнинг ойликларини қисқартиришни ва ёшлар орасидаги ишсизлик даражасини камайтиришни ваъда қилди. Аммо октябрь ойи охирида намойишчилар ўз талаблари бажарилмаслигига амин бўлгач, яна кўчаларга қайтиб чиқишди.

Бағдоддаги митингларга мактаб ўқувчилари, талабалар ва парламент аъзолари ҳам қўшилишди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ироқда ёшлар орасидаги ишсизлик даражаси 25 фоизга етган, ҳолбуки сўнгги ўн беш йил давомида уруш ва диний низолар гирдобида қолганига қарамасдан, мамлакат нефть экспорти бўйича ОПЕКда иккинчи ўринга чиққан. Демак, нефть экспортидан келаётган маблағлар халқ ва жамият ривожига эмас, балки амалдорларнинг чўнтагига, роҳат-фароғатига сарф бўляпти.

АҚШ вазиятни диққат билан кузатмоқда

Шу кунларда Ироқ парламенти кворум (мажлиснинг қарорлари қонуний бўлиши учун иштирокчиларнинг устав бўйича етарли ҳисобланадиган миқдори) йиға олмади ва мухолифатчи намойишчиларнинг талабларини муҳокама қила олмади. Муқтада ас-Садр етакчилигидаги шиалар партияси ва Ироқ коммунистик партияси бирлашмаси бўлган «Сайрун» блоки аъзолари митинглар иштирокчиларининг талаблари муҳокама қилинмас экан, парламент биносини тарк этмасликларини маълум қилишди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Ироқ ҳукуматини намойишчилар фикрига қулоқ солишга чақирди. «АҚШ Ироқ ҳукуматининг жамиятдаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳар қандай жиддий ҳаракатини қўллаб-қувватлайди. Ироқ ҳукумати ўз овозлари эшитилиши учун кўчаларга чиққан ироқликларнинг қонуний талабларига қулоқ солиши керак», — дейилади Помпеонинг баёнотида. Унинг сўзларига кўра, АҚШ вазиятни диққат билан кузатмоқда. У барча томонларни зўравонликлардан тийилишга, ҳукуматни эса октябрь ойида намойишчиларнинг ҳалок бўлганлиги ҳолатини чуқур текширишга ва ОАВга қўйилган чекловларни юмшатишга чақирди.

Бу намойишларнинг илдизи қаерда?

Ироқдаги вазият таҳлилчиларни ажаблантирмайди. Эрон билан урушдан кейин кўп йиллар давомида Саддам Ҳусайн ҳукумати томонидан олиб борилган зўравонликлар (1980-1988), Саҳро бўрони (1991), АҚШнинг босқини (2003) ва ИШИДнинг минтақада сохта давлат воқеликларини яратишга бўлган уринишининг таъсири (2014-2017) Ироқда ҳамон давом этмоқда.

Мамлакатда кенг тарқалган зўравонлик, коррупция ва мазҳаблараро келишмовчиликлар фонида бугунги вазият пишиб етилди. Натижада кетма-кет алмаштирилган ҳукуматлар (уларнинг аксарияти шиа) томонидан ишлаб чиқилган, лекин амалга оширилмаган ва такрор берилган ваъдалар, қарийб қирқ миллион ироқликларнинг ҳозири ва яқин келажагини жуда қоронғу қилиб кўрсатмоқда. Бу шундан далолат берадики, ҳокимият тепасига келган навбатдаги Бош вазир Абдул Маҳди атиги бир йилдан кам вақт давомида фуқароларнинг сабр-тоқатини шу қадар тез тугатди.

Жаҳондаги йирик нефть экспортчиси ҳисобланадиган Ироқ аҳолисининг 60 фоизини 30 ёшдан кичик бўлганлар ташкил қилади. Мамлакатда электр таъминотининг узилиши жуда тез-тез бўлиб туради, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимлари уларга йиллар давомида бепарволик билан бўлган муносабат оқибатида аянчли аҳволга келиб қолган. Ёшлар орасидаги ишсизлик 25 фоиздан ошади ва аҳолининг 20 фоизи қашшоқлик чегарасида яшайди. Баъзи ҳокимлар қисқа муддатли мажбурияти давомида аҳолига хизмат қилиш ўрнига, ташқи таъсирларга (масалан Теҳронга) хизмат қилмоқда. Ироқда сўнгги йилларда ички сиёсатдаги йиғилиб, катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин бўлган майда даражадаги муаммоларга эътибор берилмай келинди.

* * *

Воқеалар ривожи буёғига «Отнинг ўлими — итнинг байрами» қабилида кечади, шекилли. Ҳозирданоқ кўзга кўринган сиёсий фигуралар Абдул Маҳдийни қурбон қилиш эвазига ўзларига сиёсий капитал тўплашга киришиб кетган. Парламент спикери Маҳмуд ал-Ҳалбоуси, жумладан, миллиондан ортиқ кам таъминланган оилаларни молиявий қувватлашни кўзда тутувчи ўз чора-тадбирлар режасини очиқлашга улгурди. Парламентдаги энг йирик «Сайрун» блоки етакчиси, шиа қабилалари имоми Муқтада ас-Садр эса Абдул-Маҳдийни тақдир ҳукмига ҳавола этган ҳолда, бошқа фракциялар билан бирга муддатидан аввал сайловлар ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Ас-Садр шуниям илова қилдики, муддатидан аввал сайловлар бевосита АҚШнинг назорати остида ўтказилмоғи керак!

Кўриниб турибдики, Ироқ инқирозида қонли босқич кечиб ўтилиб, «ҳамма — ҳаммага қарши курашадиган» янги саҳифа очиляпти. Нефть-долларларга тўйинган «Ироқ пироги»дан энг катта бўлакни олиш учун тала-тала авжига чиқади. Ўз ҳукмфармонларидан безиб қолган халқ бунга нима деркин? Бағдодда намойишда қатнашган ишсиз муҳандис, 43 ёшли Аббос Нажм «The Guardian» журналистларига шундай деганди: «16 йил коррупция ва адолатсизликда яшадик. Биз ўққа учиб ёки қийноқларда ўлишдан қўрқмаймиз. Йўлимизда давом этамиз, чекиниш йўқ!».

Абдували СОЙБНАЗАРОВ,
сиёсий шарҳловчи.