Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг навбатдаги Бош котиби илк бор аёл киши бўлиши мумкин, номзодлар орасида Янги Зеландиянинг собиқ Бош вазири Жасинда Ардерн ҳам бор, деб ёзди “Блумберг”.
- Ҳозиргача БМТга раҳбарлик қилган тўққиз кишининг ҳаммаси эркаклар эди, - дейилган ҳисоботда. - Ушбу анъанани ўзгартиришга даъват тобора кучаймоқда. Шу ой қабул қилинган резолюция БМТ аъзоларини Бош котиб лавозимига номзод танлашда гендер масаласини жиддий кўриб чиқишга чақиради.
Қайд этилишича, Ардерндан ташқари эҳтимолий номзодлар орасида Барбадос ҳукумати бошлиғи Миа Моттли, БМТ Инсон ҳуқуқи бўйича собиқ комиссари Мишель Бачелет ва Бош котиб ўринбосари Амина Муҳаммад ҳам бор.
Агентлик таъкидлашича, АҚШ биринчи навбатда Америка устуворлигига жавоб берадиган раҳбарни афзал кўриши эҳтимоли юқори. Шу боис Вашингтон Эроннинг ядровий дастури ташаббуси ва Барқарор ривожланиш мақсади бўйича позицияси учун
МАGАТE Бош директори Рафаэль Гросси номзодини қўллаб-қувватлаши мумкин.
Қолаверса, Украина ва Ғазода давом этаётган можаро, шунингдек Президент Дональд Трамп маъмурияти ёндашуви туфайли молиялаштириш манфаати нуқтаи назаридан навбатдаги раҳбарни танлаш жараёни кескин кечиши кутиляпти.
БМТ даврий бюджетига салмоқли ҳисса қўшувчи АҚШнинг мавқеи
22 фоиз улуш билан анча юқори ҳисобланади. Вашингтоннинг бадал тўлашдаги тихирлиги туфайли кейинги пайт халқаро лойиҳаларни молиялаштиришда муаммоларга дуч келинмоқда. Январь ойи маълумотига кўра, Қўшма Штатлар ташкилотдан 2,8 миллиард доллар қарз. Шундан 1,5 миллиарди даврий бюджет, қолгани тинчликпарвар амалиёт ва трибунал учун ажратилган. Трамп 2 май куни 2026 молия йили бюджети бўйича таклифида БМТнинг тинчликпарвар амалиёти молиялаштирилишини бутунлай тўхтатиш таклифини киритиб, бу жараённи АҚШ учун самарасиз ва адолатсиз даражада қиммат, деб атади. Шунингдек, БМТ идоралари, жумладан ЖССТ, ЮНЕСКО ва ташкилот даврий бюджетига мажбурий ва барча ихтиёрий бадаллар тўхтатилишини таклиф қилди.
С.Раҳимов, ЎзА