Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази билан ҳамкорлик муҳокама қилинди
17:56 / 2023-02-13

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ўз миссиясини якунлаётган БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари, жумладан, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.  

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга қаратилган конструктив ғоя ва ташаббусларни илгари сурган эди. Бу ташаббуслар Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда яхлит дастур тарзида тақдим этилди. Бу Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувининг ташкил топишида асос бўлди.  

Бугунги кунда минтақа давлатлари билан барча соҳаларда, хусусан, парламентлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Жорий йил 9-10 февраль кунлари Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми ҳам минтақа мамлакатлари ўртасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу жараёнда парламентларнинг ролини янада оширишга хизмат қилгани айтиб ўтилди.

Учрашув давомида Сенат Раиси Т.Норбоева Наталья Германга, унинг миссияси давомида Ўзбекистоннинг минтақавий марказ билан ўзаро ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашганини, муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади. 

— 2017-2022 йилларда  БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази билан яқин ҳамкорликда Ўзбекистонда бир қатор муҳим халқаро ташаббус ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Биз дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақавий характердаги қатор долзарб муаммоларни ҳал этишда марказ жамоаси билан яқин ва конструктив ҳамкорликни давом эттирамиз, — деди Сенат Раиси.  

Ўз навбатида, Наталья Герман Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижаларини таъкидлаб, айнан Ўзбекистоннинг етакчи ташаббускорлигида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик жиддий фаоллашаётганини юксак баҳолади. Минтақада ўзаро фаол ҳамкорлик ва конструктив муҳокама форматини илгари сураётган Ўзбекистон қардош мамлакатлар ўртасидаги турли масалаларнинг ҳал этилишида ва минтақавий шерикчилик ривожидаги асосий ролини алоҳида эътироф этди.  

Дўстона ва амалий руҳда кечган мулоқотда хавфсизлик, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, шунингдек, тинчликни мустаҳкамлаш борасидаги глобал муаммоларни ҳал этишга қаратилган ҳамкорликни янада кучайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.  

ЎзА