Маълумки, 2021 йил 18 майда БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюция қабул қилинган.
Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга ошириш, шунингдек Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудудига айлантириш мақсадида Нукус шаҳрида “Ёш олимлар академияси” ҳамда ёш мутахассислар, стартап лойиҳа эгалари, тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ёшлар технопарки ташкил этилиши назарда тутилган.

Барқарор ривожланиш мақсадлари ва миллий мажбуриятлар доирасида иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва салбий ҳолатлар таъсирини юмшатиш бўйича глобал ҳамда миллий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватланмоқда. Айни жараёнда “Ўзбекистонда иқлим таълими орқали ёшларнинг етакчилик қобилиятини кучайтириш ва ривожлантириш” қўшма лойиҳаси ишга туширилди. Ташаббус доирасида Оролбўйи ҳудудида ёшларни янада “яшил” келажак учун сафарбар этишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилди. Ушбу лойиҳа БМТ ТД томонидан мамлакатимиз Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “Замин” халқаро жамоат фонди ва Қатарнинг “Таълим ҳамма нарсадан устун” жамғармаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Урганч шаҳрида бўлиб ўтган мазкур тадбирда 150 нафар мактаб ўқувчиси ва маҳаллий ёшлар етакчилари 1 300 000 дан зиёд ёш ўғил-қизларда иқлим муаммоси, барқарор қишлоқ хўжалиги ва тоза энергия бўйича амалий кўникма ҳосил қилишга қаратилган лойиҳа билан яқиндан танишди. Ташаббус қурғоқчилик, сув танқислиги, чўлланиш сингари иқлим билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган қишлоқ ҳудудларига қаратилган бўлиб, ёшларнинг айни масалаларни ҳал қилишда етакчиликни қўлга олиш имкониятини кенгайтиради.

– Ёшлар иқлим ўзгариши билан курашиш учун муайян билим ва кўникма олиши мамлакатнинг барқарор келажагига киритилган сармоядир, – деди Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт Дастури лойиҳа раҳбари Лазиз Хўжақулов. – Бундай тадбирлар ёшлар ташаббусини “яшил” жамоалар учун амалий ҳаракатга айлантириш йўлидаги дадил қадамдир.

Тадбир давомида мактаб ўқувчилари “Ёш яшил элчилар” жамоасини шакллантириш, иқлим соҳасидаги етакчининг маҳорат дарси, стартаплар кўргазмаси ва иқлим бўйича хабардорликни баҳолаш учун онлайн сўровнома каби интер фаол машғулотларда иштирок этишди. Бундан ташқари гуруҳларга бўлиниб, иқлим муаммосига ечим топиш бўйича ғояларни муҳокама қилиб, тақдим этишди. Машғулотлар турли ҳудудлардан келган ёшларда жиддий қизиқиш уйғотди, ўзаро алоқа ўрнатиш имконини берди.
– Иқлим масалаларини ўрганиб, айни йўналишда фаолликка интилаётган ёшлар кўплигини кўриб, беҳад мамнун бўлдик, – дейди Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамро Бектемиров. – Ушбу лойиҳа ёшларимизга ўз ҳудудида ижобий ўзгаришларга етакчилик қилиш имконини яратади. Натижада ҳудудларимиз оғир иқлим шароитига янада бардошли бўлади.
Ўзбекистон, айниқса Оролбўйи ҳудудида ҳарорат кўтарилиши ортидан сув танқислиги ва чўлланиш муаммоси юзага чиқмоқда. 2025-2028 йилларда амалга ошириладиган 7,5 миллион долларлик лойиҳа доирасида мактаб дастурларига иқлим дарси киритилади ўқитувчилар малакаси ошириб борилади, касбий кўникма масканлари – Мономарказларда “яшил” иш ўринлари яратилади. Лойиҳа иштирокчиларининг қарийб ярми қизлар эканлиги экология етакчилари сафида гендер тенглик таъминланишига хизмат қилади.
Энг муҳим, лойиҳа мамлакатимизнинг миллий иқлим стратегиясини қўллаб-қувватлаб, иқлимга таъсирчан ҳудудлар учун узоқ муддатли ва барқарор ечимлар тақдим этиши кутиляпти.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА