Ички ишлар вазирлиги академиясида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (UNODC)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси кўмаги билан семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинар-тренинг ҳуқуқни қўллаш амалиётида инсон ҳуқуқларининг самарали ёндашувларини татбиқ этиш, хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, жамиятда гендер тенглигини таъминлаш, бу борада халқаро тажрибанинг илғор жиҳатлари бўйича мулоқот муҳитини йўлга қўйиш мақсадида ўтказилди.

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (UNODC)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси вакили Ашита Миттал Ўзбекистоннинг гендер сиёсати бўйича олиб бораётган амалий чора-тадбирлари халқаро стандартларга тўлиқ мос келишини алоҳида эътироф этди. Ҳамкорликда ўтказилаётган машғулотлар ички ишлар органларининг хотин-қизлар билан ишлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш йўналишидаги фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Уч кунлик семинар-тренинг доирасида инсон ҳуқуқлари ва гендер мувозанатни таъминлаш, қонуний ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишда жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва институционал негизини мустаҳкамлаш, жамиятда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга хизмат қиладиган механизмларни такомиллаштириш, мазкур соҳада Ўзбекистон тажрибасида яратилган намунавий тизимнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Хорижлик экспертлар Венди О'Брайен, Мелисса Жардин ва Сергей Сидоров томонидан “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гендер тенглик масалаларини таъминлаш”, “Гендер тенглиги тамойили асосида ҳаётнинг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ижтимоий имкониятларни яратиш”, “Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг асосий йўналишлари”, “Касбий таълим жараёнида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги масалаларига ёндашувни самарали татбиқ қилиш”, “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини умумэътироф этилган халқаро стандартларга мослаштириш”, “Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларда гендер тенглик масалалари” каби долзарб мавзуларда тренинглар олиб борилди.
Тадбир якунида таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларига сертификатлар топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати