Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БМТни ислоҳ қилиш - давр  талаби
18:04 / 2022-12-08

2022 йил йирик давлатлар ўртасида сиёсий зиддият, ўзаро қарама қаршилик чуқурлашуви йили бўлиб тарихга кирса, ажаб эмас.

Шундай бир даврда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятини, айниқса, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаши зарур бўлган асосий институт -  Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар, янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бу борада ҳали бир қарорга келинмади. Муҳими, халқаро муносабатлардаги ўзгаришларнинг умумий тенденциясини аниқлаш, ҳар бир мамлакат ўзи ва умум манфаатини ҳимоя қилиш механизми, воситаларини аниқлаб олиши учун ҳозирча имконият бор.

Айни жараённинг бориши, БМТни ислоҳ этишнинг асосий мақсади ва йўналишлари, ислоҳот нимага олиб келиши мумкинлиги, давлатларнинг таклифлари замирида қандай манфаатлар ётгани ҳақида сиёсий фанлар доктори, профессор С.Жўраев билан суҳбатлашдик.

- Сайфиддин ака, бир неча йилдан буён БМТ фаолиятини ислоҳ этиш учун амалий ҳаракатлар бўляпти. Ижобий ўзгаришлар сирасига 1963 йил Хавфсизлик кенгаши доимий аъзо бўлмаган тўрт давлат ҳисобига кенгайганини айтишимиз мумкин. Умуман, бу тенденция ҳақида нима дея оласиз?

- Аввало шуни айтиш керак, БМТ универсал халқаро ташкилот бўлиб, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва гуманитар-маданий жараённи барқарор ривожлантириш, давлатлараро ҳамкорликни уйғунлаштиришга хизмат қиладиган кўп томонлама институт сифатида муҳим аҳамиятга эга. Хавфсизлик кенгаши эса жаҳонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда  стратегик аҳамиятга эга.

Кейинги йилларда дунё кескин ўзгармоқда, барқарор ривожланиш йўлида янги хавф-хатар, таҳдидлар кўпаймоқда. Сиёсий зиддият бундай институтга эҳтиёж ошгани, ХК ўрнини боса оладиган бошқа ташкилот эса йўқлигини кўрсатаяпти. Бинобарин, хавф-хатарлар мазмуни ва шакли ҳам ўзгарди. Бир томондан куч марказлари кўпайди. Иккинчи томондан давлатлар ўртасида ўзаро ишонч сўниб, турли сиёсий-ҳарбий низолар чуқурлашиб бориши, иқтисодий кураш авж олиши, ахборот-кибер уруши кўлами кенгайиши мутлақо янги сиёсий реалликни келтириб чиқарди.

Бу нима дегани? Дунёдаги барча давлатлар ўртасидаги боғлиқлик шу даражага етдики, энди халқаро хавфсизлик ва тинчликни фақат жамоа бўлиб таъминлаш мумкин. Ҳозир ҳеч бир давлат олдига қўйган мақсадига ўзи алоҳида эриша олмайди. Шунинг учун давр ривожланиши талабидан келиб чиқиб, миллий манфаатни мавжуд муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш орқали таъминлашга қаратилган кўп томонлама янги механизм ва воситаларни шакллантиришга эҳтиёж халқаро муносабатнинг бугунги долзарб кун тартибига айланди. Бошқача айтганда, кўп томонлама конструктив сиёсий мулоқот майдонига интилиш кучайди. Табиийки, бу жараён БМТ ташкил топган даврдан кескин фарқ қилади.

БМТ низоми доирасида қабул қилинаётган қарорлар бажарилмаяпти, самарадорлик тобора пасаймоқда, кескин ўзгариб бораётган янги сиёсий шароитга мос эмас. Асосийси, ташкилотда дунё давлатлари фаолияти етарли акс этмаяпти. Қарор қабул қилишда беш-олти давлат ҳал қилувчи овозга эга экани, шунингдек, тузилма ҳаддан ташқари бюроклатлашиб кетгани ислоҳот заруратини келтириб чиқармоқда.

- Шу йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеяси йиғилишида ислоҳот бўйича сиёсий мулоқот бўлиб ўтди, айни масалада турфа таклифлар киритилди. Сизнингча, бу таклифларнинг моҳияти нимада? Ташаббуслар замирида қандай манфаатлар ётибди?

- Ислоҳотга қаратилган кун тартибига назар ташласак, уч асосий мазмун кўзга ташланади. Биринчидан, БМТ фаолиятидаги тартиб-қоидани такомиллаштириш. Иккинчи масала Хавфсизлик кенгаши фаолиятига оид бўлиб, қарор қабул қилиш жараёнида муайян давлат манфаатига мос келмаган тақдирда, хулосани “бекор қилиш ҳуқуқи” берилишидан келиб чиқиб, доимий ва доимий бўлмаган аъзолар сонини ошириш. Учинчидан, ХКга сайланиш меъёрини такомиллаштириш ва кўрилаётган масалаларни кенг ва ҳар томонлама муҳокама этиш Дарҳақиқат, ҳар бир таклиф остида мамлакатлар манфаати мавжуд.

Қарорни бекор қилиш ҳуқуқи ва аъзолар сафини кенгайтириш мақсади жиддий тортишувга сабаб бўлди. Бу жараёнда қуйидаги ўзига хос жиҳатлар намоён. Масалан, “қарор қабул қилиш ҳуқуқи”ни чекламаслик Россия, Хитой, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланди. Фақат АҚШ бу масалада мулоқот тартибини ўзгартириш тарафдори эканини билдирди. Яъни муайян қарорни бекор қилаётган давлат ўз мақсадини кенг асослаб бериши лозим.

Бошқача айтганда, бу таклиф БМТ Бош ассамблеясида кенг муҳокама қилиниши керак. Шунда барча аъзо давлатлар қарорни бекор қилиш сабаби ҳақида кенгроқ маълумотга, масала юзасидан фикр билдириш имконига эга бўлади, деб ҳисобланмоқда. Россия томони бундай масала фақат Хавфсизлик кенгаши доирасида ҳал этилиши керак, дея таъкидлади. Хитой вакили эса бу таклиф қарор қабул қилиш жараёни янада сиёсийлашишга олиб келади, деган хулосани берди.

Аъзолар сони кўпайиши бўйича Хавфсизлик кенгаши фаолияти самадорлигини оширишга қаратилган мулоқотга гувоҳ бўлдик. АҚШ кенгаш Ҳиндистон ва Япония ҳисобига кенгайиши керак, деди, Россия ривожланаётган давлатлар, яъни Бразилия ва Ҳиндистонни қўшиш таклифини киритди. Шунингдек, Германия, Туркия, Саудия Арабистони, Жанубий Африка Республикаси, Индонезияни ҳам ХКга аъзо қилиш фикри илгари сурилди.

- Кўриниб турибдики, илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар бугунги кун дунё сиёсатида шаклланаётган тенденцияларга мос. Менимча, бу мақсадларни амалга ошириш мавжуд имконият, ресурс ва энг асосийси, БМТга аъзо давлатлар сиёсий иродасига боғлиқ. Шу маънода ислоҳот истиқболи ҳақида нима дея оласиз? Умуман, бу орқали минтақамизга қандай имкониятлар яратиб берилади?

- Кейинги йилларда билдирилаётган таклиф, илгари сурилаётган ташаббус, олиб борилаётган мулоқотлар БМТни ислоҳ этиш зарурлигини, бу режа ўзига хос истиқболга эгалигини кўрсатяпти. Асосийси, жараёнда, деярли, барча давлатлар иштирок этиб, турли фикрлар билдиришмоқда. Фикрлар хилма-хил ва шу билан бирга ягона мақсадга – ташкилот фаолиятини замон талабига жавоб берадиган тарзда ривожлантириш, самарадорликни оширишга йўналтирилган. Мулоқот ранг-баранглиги, бир-бирига қарама-қарши фикрлар мавжудлигидан қатъи назар, вужудга келаётган глобал муаммоларни ечишга қаратилган, бажариш мумкин бўлган қарорларни қабул қилиш ва амалга ошириш истиқболи кўриниб турибди.

Шуни алоҳида таъкидламоқчи эдимки, бу жараён тез, бир текис кечмайди. Ҳар бир давлат, ҳар бир халқ манфаатидан келиб чиқиб, дипломатик механизм ва воситалар орқали ислоҳот қилишга тўғри келади. Бунинг учун ўзига хос тайёргарлик, сиёсий сафарбарлик ва ташаббускорлик талаб қилинади.

Менимча, бундай ислоҳотни бир неча босқичда амалга ошириш мумкин. Дастлаб ислоҳот методологиясини шакллантириш, кейинги босқичда стратегия ишлаб чиқиш зарур. Жараён узоқ давом этишини ҳисобга олиб, Хавфсизлик кенгашини ҳозирча таклиф этилаётган Ҳиндистон, Бразилия, Индонезия, Германия, Япония ҳисобига доимий бўлмаган аъзолар сонини кенгайтириш масаласини кўриб чиқиш ўринли, деб ўйлайман.

Албатта, ислоҳотдан ҳар бир давлат ва минтақа манфаатдор. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам ўз манфаатини ҳимоя қилиши, минтақага доир илгари сурилган ва режалаштирилаётган янги ташаббуслар амалга ошиши учун қўшимча имконият яратади.

ЎзА сиёсий шарҳловчиси Аброр Ғуломов суҳбатлашди.